Миграция фақат кўчиш эмас – инсон капитали, иқтисодиёт ва хавфсиз келажак масаласи
2026 йил 18-19 май кунлари Тошкент шаҳрида меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилишга бағишланган Халқаро миграция форуми бўлиб ўтади. Йирик халқаро майдон сифатида эътироф этилаётган мазкур тадбирда халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, бизнес доиралари ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 дан ортиқ вакили иштирок этиши кутилмоқда.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Дастур доирасида меҳнат миграцияси, малакали кадрлар тайёрлаш, гендер масалалари, ёшлар иштироки ва иқлим ўзгаришининг миграцияга таъсири каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Шунингдек, B2B, B2G ва G2G форматларида учрашувлар, янги ҳамкорлик келишувлари имзолаш ҳам режалаштирилган.
Бугунги кунда миграция нафақат иқтисодий жараён, балки инсон қадри, меҳнат ҳуқуқи ва барқарор тараққиёт билан чамбарчас боғлиқ глобал масала сифатида эътироф этилади. Шу боис тадбир арафасида IOM экспертлари меҳнат миграцияси, пул ўтказмаси, хавфсиз меҳнат йўлаги ва инсон ҳуқуқи мавзулари бўйича ўз фикрларини билдирди.
Пул ўтказмаси – оилалар ва иқтисодиётни боғлаб турувчи тирик кўприк
Женевадаги IOM минтақавий лойиҳалар бўйича катта менежери Вивиан Ван дер Ворстга кўра, миграция ва тараққиёт ўртасидаги энг асосий боғлиқлик – пул ўтказмаси. Унинг таъкидлашича, меҳнат муҳожири юборган маблағ хориждаги меҳнат бозоридан оилалар, маҳаллий иқтисодиёт ва жамоаларга бевосита кириб келадиган муҳим молиявий ресурсдир.
– Глобал пул ўтказмаси миграция ва ривожланиш ўртасидаги энг кучли мустаҳкам занжирлардан биридир, – дейди эксперт. – Бундай маблағ оилаларга ташқи молиявий ёрдамга нисбатан тез ва барқарор тарзда етиб боради. Миграцияни фақат аҳоли ҳаракати эмас, балки тараққиёт механизми сифатида баҳолаш муҳим. Миграция – халқаро ва маҳаллий ривожланишнинг бир қисми. Агар ушбу жараён тўғри бошқарилса, мигрантлар ва уларнинг оилалари учун янги имкониятлар яратади, қабул қилувчи давлатларда меҳнат бозори эҳтиёжига жавоб беради ҳамда келиб чиқиш мамлакатларидаги жамоаларни қўллаб-қувватлайди.
Мулозим Ўзбекистонга ҳам алоҳида тўхталиб, пул ўтказмаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмига айланганини таъкидлади:
– Миллий даражада пул ўтказмаси ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 14 фоизига тенг. Ўзбекистон иқтисодиёти учун сезиларли даражада аҳамият касб этадиган бу маблағ ички талабни қўллаб-қувватлайди, маҳаллий бизнес фаолиятини рағбатлантиради ва меҳнат бозоридаги босимни юмшатади. Шу билан бирга кўплаб ўзбек оилалари учун пул ўтказмаси шунчаки қўшимча даромад эмас, балки одатий турмушрежасининг муҳим қисми сифатида кундалик эҳтиёж, таълим, уй-жой, қарз тўлаш ва болалар келажагига сармоя киритишга кўмаклашмоқда.
Хавфсиз миграция далилларга асосланган ёндашув талаб қилади
Халқаро миграция ташкилотининг Венадаги минтақавий мувофиқлаштирувчиси Ионела Тимофте хавфсиз ва тартибли миграцияни таъминлаш учун аввало аниқ таҳлил ва эҳтиёжга асосланган ёндашув зарурлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, янги меҳнат йўлаклари яратиш ёки мавжудларини кенгайтириш жараёни меҳнат бозори таҳлили, миграция тенденцияси ва хавф эҳтимолига асосланиши керак:
– Миграция сиёсати ҳақиқий эҳтиёжга жавоб бериши, барқарорлашиши, мигрант, келиб чиқиш ҳамда қабул қилувчи давлат учун бирдек манфаатли натижа бериши лозим. Энг муҳими, тизим инсон манфаатига хизмат қилиши шарт. Миграциянинг тайёргарлик, ишга жойлашиш, қайтиш ва реинтеграция сингари барча босқичларида инсон ҳуқуқи ва ҳимоя механизми марказда туриши керак. Бу эксплуатация хавфини камайтиради ва инсонга хавфсиз, муносиб ҳамда онгли танлов асосида ҳаракатланиш имконини беради.
Эксперт давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади:
– Хавфсиз ва тартибли миграция ҳукумат, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилот ўртасидаги ҳамкорликсиз самарали ишламайди.
Меҳнат миграциясида асосий масала – инсон капитали
IOMмеҳнат мобиллиги ва ижтимоий интеграция бўйича минтақавий мутахассиси Жейсон Теед меҳнат миграцияси тизими замонавий меҳнат бозори эҳтиёжига мослашиши лозимлигига урғу берди.
Унинг таъкидлашича, меҳнат йўлаги қабул қилувчи давлатдаги кадрлар эҳтиёжи ва келиб чиқиш мамлакатидаги малака имконияти асосида шакллантирилиши лозим:
– Далилга асосланган ёндашув меҳнат бозоридаги ҳақиқий эҳтиёжни аниқлашга ёрдам беради ва малака номувофиқлигини камайтиради. Малака ва дипломни тан олиш масаласи ҳам меҳнат мобиллигида ҳал қилувчи омиллардан бири. Таълим тизими, иш берувчи ва малака тан олиниши механизми ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилиши зарур. Бу ишга қабул қилиш ва меҳнат мобиллигига эришишни сезиларли даражада енгиллаштиради.
Мутахассиснинг фикрича, меҳнат миграцияси фақат иш билан таъминлаш эмас, балки инсонни жамиятга интеграция қилиш жараёнининг бир бўлагидир:
– Тил ўрганиш, иш жойига мослашиш ва кейин касбий ўсиш имконияти яратилса, бу ҳам ходим, ҳам тизим учун узоқ муддатли барқарорликни таъминлайди.
Тошкентда ўтадиган халқаро форум айнан шундай долзарб масалаларни глобал даражада муҳокама қилиш, хавфсиз ва қонуний миграция механизмини такомиллаштириш ҳамда инсон манфаати устуворлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Мусулмон Зиё, ЎзА