Меҳнат, бунёдкорлик ва ёшлар ютуғи улуғланди
Мустақиллик — бу шунчаки сана эмас, балки халқнинг озодлиги, тараққиёти, орзу ва мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи буюк қадриятдир. Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда инсон қадри, меҳнатга ҳурмат ва ёшларга ишонч давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу эзгу ғоялар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда янада яққол намоён бўлмоқда.
Ана шундай кўтаринки руҳдаги байрам тадбирларидан бири Бухоро вилоятининг янги маъмурий маркази олдидаги муҳташам майдонда бўлиб ўтди. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида ташкил этилган ушбу тантана юртга муҳаббат, меҳнатга эҳтиром ва келажакка ишонч руҳини янада мустаҳкамлади.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов барча иштирокчиларни мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинч ва фаровон юртда байрамлар байрамларга уланиб келаётгани халқимиз ҳаётидаги энг катта бойлик эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар ва замонавий меҳнат шароитлари барча соҳаларда юксак натижаларни таъминламоқда. Бунинг амалий исботи сифатида Бухоро вилояти жорий йилда ғалла етиштириш бўйича тарихий натижага эришди. 65 минг гектар майдонда парваришланган буғдойдан 600 минг тоннадан зиёд ҳосил олиниб, давлатга дон сотиш режаси ортиғи билан бажарилди. Энг муҳими, вилоят тарихида илк бор ҳар гектардан ўртача 90–95 центнер ҳосилдорлик қайд этилди. Бу эса деҳқонларнинг заҳматкашлиги, аграр соҳадаги замонавий ёндашувлар ва давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлашнинг ёрқин самарасидир.
Тадбирда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Бухоро вилоятининг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб, аҳоли турмуш даражаси изчил яхшиланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Айниқса, янги маъмурий марказ атрофида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари Бухоронинг мутлақо янги қиёфасини шакллантирмоқда. Бугунги кунда 50 гектар майдонда замонавий туристик мажмуа, Янги Ўзбекистон боғи, Янги Ўзбекистон турар-жой комплекси, Бухоро давлат университетининг янги кампуси, 35 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони ҳамда янги халқаро аэропорт қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Эътиборлиси, ушбу йирик лойиҳаларнинг аксарияти жорий йилнинг ўзида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу нафақат вилоятнинг шаҳарсозлик қиёфасини тубдан янгилайди, балки минглаб янги иш ўринлари яратилишига, туризм ва хизматлар соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади.

Тадбирда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бухоролик ёшларнинг ютуқлари ҳам катта ғурур билан эътироф этилди. Жумладан, Бухоро шаҳридаги “Bukhara books” хусусий китоб дўконлари тармоғи асосчиси Жаҳонгир Бафоев ҳамда вобкентлик фидойи ёш Чинора Ғуломова “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлангани алоҳида қайд этилди. Жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамай, уйда таълим олаётган болалар учун “Ўқи ва юксал” лойиҳасини амалга ошириб келаётган Чинора Ғуломованинг матонати барчага ибрат сифатида эътироф этилди. Шунингдек, 58-халқаро кимё олимпиадаси илмий қўмитаси аъзоси Далер Раҳимов “Мард ўғлон” давлат мукофотига муносиб кўрилгани ҳам йиғилганлар томонидан катта мамнуният билан қарши олинди.

Бухоролик ёш китобхонлар эришган муваффақиятлар ҳам байрамнинг энг қувончли лаҳзаларидан бири бўлди. Республика босқичида ўтказилган “Ёш китобхон” танловида Фарзона Носирова 10–14 ёш тоифасида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси — BYD Chazor электромобили соҳибасига айланди. 15–19 ёш тоифасида эса Моҳинур Ҳошимова муносиб иштирок этиб, учинчи ўрин ва 50 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди.
Тантана давомида Чинора Ғуломовага Бухоро давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Бу эса давлатимиз томонидан билимли, ташаббускор ва интилишдан тўхтамайдиган ёшларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Байрам кечаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиеванинг жонли ижродаги концерт дастури билан янада файзли ва кўтаринки руҳда давом этди. Мусиқа, қўшиқ ва миллий қадриятлар уйғунлашган ушбу концерт юзлаб иштирокчиларга унутилмас таассурот бағишлади.

Бухорода ўтказилган ушбу тантана мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган оддий байрам эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, халқимиз меҳнатсеварлиги, ёшларимиз салоҳияти ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончининг ёрқин намойиши бўлди. Бунёдкорлик, илм-фан, китобхонлик, меҳнат ва ватанпарварлик бирлашган ушбу тадбир ҳар бир иштирокчи қалбида юрт билан фахрланиш туйғусини янада мустаҳкамлаб, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоянинг ҳаётий аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири