Замонавий Медиа марказ фаолияти йўлга қўйилди
Қашқадарё вилоятида ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш, медиа маҳсулотлар сифатини ошириш ҳамда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий Медиа марказ ташкил этилди.
Мазкур марказ замонавий интерьер ечимлари, инновацион техник жиҳозлар ва қулай иш муҳити билан таъминланган бўлиб, журналистлар, блогерлар, дизайнерлар, операторлар, SMM мутахассислари ҳамда контент яратувчилар учун кўп функционал ижодий майдон вазифасини бажаради.
Марказда фото ва видеоконтент тайёрлаш, монтаж ишларини амалга ошириш, подкаст ва интервьюлар ёзиш, матбуот анжуманлари, брифинглар ва тақдимотлар ўтказиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, график дизайн, рақамли маркетинг, медиа саводхонлик, контент яратиш ҳамда сунъий интеллект технологияларига бағишланган ўқув-семинарлар ва амалий машғулотларни ташкил этиш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари, марказда ёшларнинг медиа лойиҳаларини амалий қўллаб-қувватлаш, жамоавий муҳокамалар, ижодий учрашувлар ва тренингларни ўтказиш учун махсус майдонлар ташкил этилган. Замонавий кутубхона, coworking ҳудуди, учрашув хоналари ҳамда қулай кутиш зоналари ташриф буюрувчиларнинг самарали фаолият юритишига хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур медиа марказ ҳудудда замонавий медиа муҳитни шакллантириш, сифатли миллий контентлар яратиш, рақамли коммуникация соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва ёшларнинг креатив ғояларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган муҳим инновацион маскан ҳисобланади.
Тадбирда вилоят ҳокими М.Азимов иштирок этди.
[gallery-30200]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари