«Оталар академияси» таълим лойиҳаси нималарни кўзда тутади?
Оиланинг тинч ва тотувлиги, ундаги соғлом муҳит, фарзандларнинг тарбиясига оталар ҳам масъулдирлар. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтида тадқиқотчи-докторантлар томонидан тайёрланган “Оталар академияси” мавзусидаги таълим лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади оталарнинг фарзанд тарбиясидаги реал иштироки, масъулият даражаси, ота-оналик кўникмалари, оиладаги тарбиявий ҳамкорлик ва болаларнинг эмоционал-ижтимоий ривожланишига таъсирини ўрганиш ҳамда ушбу йўналишда амалий тавсиялар, методик материаллар, тренинг дастурлари ва тарғибот воситаларини ишлаб чиқишдан иборат.
“Оталар академияси” лойиҳаси доирасида 625 нафар респондент иштирокида социологик тадқиқот ўтказилиб, оталарнинг кундалик парвариш, таълим жараёни, эмоционал қўллаб-қувватлаш, ахлоқий тарбия, интернет хавфсизлиги, дўстлар давраси, соғлом турмуш тарзи ва келажак мақсадлари бўйича фарзанд ҳаётидаги иштироки таҳлил қилинди ва таҳлилий маълумот тайёрланди.
Лойиҳа бўйича 7 та асосий модулни ўз ичига “Оталар академияси” модели, “Отам билан бир кун” номли тарбиявий-амалий дастур, “Стереотипларга қарши қўлланма”, “Оилада соғлом мулоқот, ишонч ва қарор қабул қилиш” методик қўлланмаси, “Замонавий ота ва рақамли муҳит” мавзусидаги маъруза матни, муаммоли вазиятларга таклиф ва тавсияларни ўз ичига олган кейслар тўплами, оталар учун 30 кунлик одатлар треккери ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа оиланинг бутунлигини сақлаш, болалар тарбиясини тўғри йўлга қўйиш, оиланинг фаровонлиги ва файзини таъминлашда аёллар каби эркаклар ҳам бирдек масъул эканини кўрсатади.
Н.Усмонова,
ЎзА