“Махсус суриштирув хонаси” очилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида замонавий талаблар асосида жиҳозланган “Махсус суриштирув хонаси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Божхона қўмитаси ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари ушбу махсус хонани кўздан кечириб, унда яратилган шарт-шароитлар, замонавий техник жиҳозлар ва процессуал ҳаракатларни қонунчилик талаблари асосида самарали ташкил этиш имкониятлари билан танишдилар.

Таъкидланганидек, янги ташкил этилган махсус суриштирув хонаси, суриштирув ва терговга қадар текширув жараёнларини замонавий техник имкониятлар асосида ўтказиш, процессуал ҳаракатларни белгиланган тартибда қайд этиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу хонада сўроқ қилиш, юзлаштириш, шахсни таниб олиш, шунингдек, видео-конференс-алоқа орқали масофавий тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Замонавий инфратузилманинг фойдаланишга топширилиши божхона органларида процессуал ҳаракатларни самарали ташкил этиш, суриштирув жараёнларини замонавий талаблар асосида олиб бориш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида ҳуқуқбузарликларга қарши кураш соҳасидаги натижалари ҳам маълум қилинди. Қайд этилишича, ҳисобот даврида 637 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қарийб 22 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар ушлаб қолинган. Эътиборлиси, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳуқуқбузарликлар сони 133 тага кўпайган бўлса, ушлаб қолинган товарларнинг умумий қиймати 5 миллиард 652 миллион сўмга ошган.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбари ташаббуси доирасида амалга оширилган бўлиб, унда барча тергов ва суриштирув органларининг сўроқ жараёнларини стенография қилиш, видеокузатув, аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозлаш вазифаси белгиланган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири