Матонат ва заковат баҳси
Инсоннинг ҳақиқий кучи унинг жисмоний имкониятларида эмас, балки иродаси, матонати ва билимга чанқоқлигида намоён бўлади. Бухоро вилоятида ўтказилган “ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги – 2026” мусобақаси ана шу ҳақиқатни яна бир бор амалда исботлади.
Ногиронлиги бўлган ва жисмоний имкониятлари чекланган ёшларни бир майдонга жамлаган ушбу нуфузли мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки инсон қадри, тенг имкониятлар ва инклюзив жамият ғояларининг ёрқин ифодасига айланди.
Мусобақада вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 200 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда махсус мактаб-интернатларда таҳсил олаётган алоҳида таълим эҳтиёжига эга ёшлар иштирок этди. Улар ўз билим ва қобилиятларини намоён этиш, янги дўстлар орттириш ҳамда спорт орқали ўз имкониятларини синовдан ўтказиш имконига эга бўлди.
Тадбирнинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг интеллектуал ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат бўлди. Шу жиҳатдан мазкур мусобақа ёшларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши ва ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, бундай тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, миллий қадриятлар ва спорт анъаналарини кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, вилоят ёшларининг турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари эътироф этилиб, иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.
Мусобақанинг энг қизиқарли баҳслари парашахмат йўналишида кечди. Унда иштирокчилар юксак ақлий салоҳият, чуқур таҳлил қилиш қобилияти, стратегик фикрлаш ва мустаҳкам иродани намоён этдилар. Ҳар бир донанинг ҳаракати, ҳар бир қарор ва ҳар бир юриш ортида ғалабага бўлган интилиш мужассам эди.
[gallery-29804]
Беллашувлар шахсий биринчилик асосида швейцарча тизимда 7 турдан иборат тарзда ташкил этилди. Иштирокчиларга ҳар бир партия учун 10 дақиқадан вақт ажратилди ва ҳар бир юришдан сўнг 2 сония қўшиб борилди. Кўзи ожиз спортчилар учун эса вақт назорати 13+2 кўринишида белгиланди. Ғолиблар йиғилган баллар сонига кўра аниқланди. Ҳар бир ғалаба учун 1 балл, дурранг учун 0,5 балл, мағлубият учун эса 0 балл берилди.
Мусобақа давомида қатнашчилар нафақат рақобатлашдилар, балки ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини ҳам яратдилар. Бу эса тадбирнинг энг муҳим натижаларидан бири бўлди.
“ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги – 2026” мусобақаси жамиятда инклюзив муҳитни янада мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларнинг чексиз имкониятларини намоён этишга хизмат қилди. Энг муҳими, ушбу мусобақа барчага бир ҳақиқатни англатди: инсоннинг имкониятини унинг жисмоний ҳолати эмас, балки қалбидаги ишонч, ақл-заковати ва олға интилиш руҳи белгилайди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари