Нодирбек Абдусатторов Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида
Шахмат бўйича 2022 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олтин медали соҳиби, рапид йўналиши бўйича 2021 йилги Жаҳон чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби, бугунги кунда дунёнинг энг кучли беш нафар гроссмейстеридан бири Нодирбек Абдусатторов “ақл гимнастикаси”га қачон ва қандай шароитда кириб келган? Унинг қизиқишлари, орзу-интилишлари, келгуси режа, мақсадлари қандай?
Бугун ушбу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ўзбекистон ёшларининг халқаро майдондаги интеллектуал салоҳиятини ёрқин намоён этган Н.Абдусатторов Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси тингловчилари, профессор-ўқитувчи ва мутахассислари билан ижодий учрашув жараёнида ушбу саволларга атрофлича жавоб берди.

Мулоқот давомида Нодирбек Абдусатторов ўзининг шахматдаги илк қадамлари, муваффақиятга эришиш йўли ва халқаро майдондаги тажрибаси ҳақида сўзлаб, эришган муваффақиятларида ота-онасининг қўллаб-қувватлаши ва берган тарбияси муҳим ўрин тутганини, давлатимиз томонидан доимий қўллов муҳим омил бўлганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи рақамли шахматчиси Абдусатторов кутилаётган нуфузли мусобақаларга тайёргарлик, хусусан Самарқандда бўладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан ўтаётган машғулотлар тизими, терма жамоамиз аъзоларининг имконияти, шахматда ғалабага эришишнинг энг муҳим хусусиятлари каби масалалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Савол-жавобларга бой тарзда кечган учрашувнинг амалий қисмида Нодирбек Абдусатторов академия тингловчилари, профессор-ўқитувчилар билан бир вақтнинг ўзида блиц баҳсларни ўтказди.
Т.Рўзиев, ЎзА