Масқат кўчаларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда
Ўмон пойтахти Масқатнинг гавжум кўчаларида Ўзбекистоннинг бой тарихи ва замонавий туризм имкониятлари акс этган видеороликлар намойиш этилмоқда.
Ўмон пойтахти Масқатнинг гавжум кўчалари марказидаги LED экранларда Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг тарихий обидалари, миллий қадриятларимиз ва замонавий туризм имкониятларини акс эттирувчи видеороликлар намойиш этилмоқда. Мазкур тарғиботдан кўзланган асосий мақсад — ўмонликларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини ошириш, айниқса, қиш мавсумида юртимизга саёҳат қилишга жалб этиш ҳамда йил якунига қадар сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат.

Туризм қўмитаси матбуот хизматига кўра, видеороликлар мамлакатнинг тасодифий жойларида эмас, балки аҳоли ва хорижий меҳмонлар гавжум бўладиган манзилларида намойиш этилмоқда.
Жумладан, Масқатнинг “Sarooj” ва “Shatti Al Qurum” каби нуфузли турар жой ва дипломатик ҳудудлари, “Bousher” ҳудудидаги “Taminat Complex” мажмуаси, шаҳар марказини боғловчи “Al Hail Highway” автомобиль йўли ҳамда “Muscat University” кампуси ҳудудидаги LED экранлар шулар жумласидан.
Бундай манзилларнинг танланиши маҳаллий аҳоли, талабалар, тадбиркорлар, дипломатик доиралар ва хорижий меҳмонларни қамраб олиш имконини беради. Намойиш этилаётган лавҳаларда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бетакрор тарихий обидалари, бой маданий меросимиз, миллий урф-одатларимиз ва гастрономик анъаналаримиз билан бир қаторда, замонавий туризм инфратузилмаси ҳамда саёҳат йўналишлари ҳам акс этган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА