Маск: Демографик инқироз туфайли дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари йўқ бўлиб кетади
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари туғилиш даражаси пастлиги сабабли йўқ бўлиб кетиш арафасида, деди америкалик миллиардер Илон Маск “Financial Times” томонидан эълон қилинган мақолага изоҳ берар экан.
Яқинда дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидаги туғилиш даражаси бўйича БМТ маълумоти эълон қилинди. Тадбиркор ушбу маълумотга муносабат билдириб, ўз ижтимоий тармоқ саҳифасида шундай ёзган:
– Европа Иттифоқининг 21 мамлакатида ўлим сони туғилиш даражасидан ошиб кетган. Бу юртлар анча вақтдан бери йўқ бўлиб кетиш йўлига тушган.
Таъкидланишича, Франция, Германия, Италия, Япония, Жанубий Корея ва Қўшма Штатларда ўтган аср 50-йилларидан бери туғилиш даражаси пасайиб келмоқда.
“SpаcеХ” асосчиси ва “Тесла” бош директори Илон Маск туғилиш даражаси пастлигини цивилизация учун энг жиддий хавфлардан бири, деб ҳисоблайди.

Маскнинг сўзларига кўра, ҳозир Ер юзида саккиз миллиард одам бўлишига қарамай, агар аҳоли сони кўпайтирилмаса, цивилизация “қулайди”.
– Менимча, цивилизация учун энг ёмон хавф туғилиш камлигидир, – деди миллиардер WSJ уюштирган тадбирда сўзга чиқиб. – Кўпчилик сайёрамиз аҳолиси назоратсиз ўсиб бораётганини тахмин қилади. Аслида вазият бунинг аксини кўрсатмоқда. Агар одамлар кўпроқ фарзанд кўрмаса, цивилизация қулайди. Менинг сўзларимга қулоқ солинг.

“Lancet” журнали чоп этган тадқиқотда Ер аҳолиси 2064 йил 9,7 миллиард кишига етиб, энг юқори чўққига чиқиши ва 2100 йилга келиб 8,8 миллиардга тушиши кутиляпти.
Маълумотга кўра, Япония, Таиланд, Италия, Испания, Португалия ва Жанубий Корея каби 23 мамлакат аҳолиси 50 фоиздан кўпроқ камайиши мумкин экан.
Ўзининг 6 фарзанди ҳақида гапирар экан, Маск туғилиш масаласига ёндашув бўйича ўрнак бўлишга ҳаракат қилаётганини айтди.
С.Раҳимов, ЎзА