Марказий Осиёда иқлим ўзгариши: табиий ресурсларни асрашнинг янги ечимлари муҳокама қилинмоқда
Тошкентда Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг табиий ресурсларга таъсирини камайтириш, сув ва бошқа ресурслардан барқарор фойдаланиш ҳамда минтақавий илмий ҳамкорликни кучайтиришга бағишланган халқаро конференция ташкил этилди.
Халқаро илмий-амалий конференцияда ЮНЕСКО, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ), Буюк Британиянинг Рединг университети, Япониянинг Киото университети, Швейцариянинг Фрибурғ университети, Германиянинг Ер тадқиқотлари институти (GFZ), қўшни давлатлар илмий муассасалари ва бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Конференциянинг асосий мавзуси — “Барқарор ривожланиш мақсадларида Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг табиий ресурсларга таъсирини юмшатиш йўллари” дан иборат.
Конференция очилишида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов иқлим ўзгариши бугун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши олдидаги энг жиддий муаммолардан бирига айланганини таъкидлади.
Минтақада ҳарорат кўтарилиши, ёғингарчилик режими ўзгариши, қурғоқчилик ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши кузатилмоқда. Айниқса, тоғ музликларининг қисқариши ва қор қопламидаги ўзгаришлар сув ресурслари барқарорлиги нуқтаи назаридан жиддий хавотир уйғотмоқда.

Шу нуқтаи назардан, иқлим ўзгаришининг оқибатларини олдиндан баҳолаш, табиий ресурсларни асраш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Мамлакат 2035 йилга қадар иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йилга нисбатан 50 фоизга камайтиришни мақсад қилган.
Шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва барқарор ривожланишнинг бошқа йўналишларида узоқ муддатли стратегиялар амалга оширилмоқда. Яна бир муҳим мақсад 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишдир.
Конференцияда ҳаво сифатини яхшилаш, биохилма-хилликни асраш, чиқиндиларни бошқариш, кўкаламзорлаштириш, экологик таълим ва маданиятни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, минтақавий илмий ҳамкорликни кучайтириш, иқлим бўйича билим алмашинувини кенгайтириш, иқлим сценарийларини ишлаб чиқиш ва ёғингарчиликни прогнозлаш имкониятларини такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Чанг ва қум бўронларининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция доирасида ялпи мажлислар, илмий-техник сессиялар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги махсус сессиялар ва иқлим сиёсати бўйича панель муҳокамалари ўтказилди.
Шунингдек, сунъий интеллект, географик ахборот тизимлари, масофадан зондлаш ва иқлим хизматларига бағишланган инновацион сессиялар ҳам ташкил этилди.
50 га яқин хорижий ва маҳаллий мутахассис ҳамда олимлар иштирокида иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларнинг барқарор ривожланиши, сув ресурслари ва криосфера, амалий климатология ва иқлим хизматлари, агрометеорология, энергетика, қурилиш, транспорт ҳамда иқлим миграцияси каби йўналишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, сув ва иқлим тадқиқотларининг замонавий усуллари, жумладан, изотоп гидрологияси ва метеорология, иқлим ўзгариши шароитида геотуризм ва гляциотуризм салоҳиятини ривожлантириш ва барқарор бошқариш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Бу каби мулоқотлар Марказий Осиёда иқлим барқарорлигини ошириш, табиий ресурсларни келажак авлодлар учун асраш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун умумий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА