Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ: минтақалараро ҳамкорликнинг янги стратегик истиқболлари
Яқинда пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) Грузиянинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармаси (GFSIS) ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси (FES) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг ўзаро боғлиқлиги: истиқболда нималар кутмоқда?” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Анжуманда давлат органлари, халқаро молия ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Европа ва АҚШнинг етакчи таҳлилий марказлари тадқиқотчилари иштирок этди.
Йиғин иштирокчилари транспорт йўналишларини ривожлантириш, транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш, шунингдек, икки минтақа ўртасида саноат ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
МОХИ директори Жавлон Ваҳобов конференцияни очиб бераркан, геосиёсий ўзгаришлар Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ олдида янги имкониятлар очаётганлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, илгари ҳар икки минтақа давлатлари асосан, йирик бозорлар ўртасидаги транзит бўғини сифатида қаралган бўлса, бугунги кунда савдо йўналишлари ва иқтисодий ҳамкорлик устуворликларини мустақил белгилаш учун кенгроқ имкониятларга эга бўлмоқда.

Шу билан бирга, битта транспорт коридорини ривожлантириш ташқи омилларга боғлиқликни бартараф этмайди. Ишончлилиги нафақат инфратузилманинг ҳолати, балки божхона қоидалари, рақамли тизимлар ва транзит тартиб-таомилларининг ўзаро мувофиқлаштирилганлигига ҳам боғлиқ бўлган, бир-бирини тўлдирувчи транспорт йўналишлари тармоғини шакллантириш зарур.
– Ўзаро боғлиқликнинг мазмуни фақат транзит даромадлари билан чекланмаслиги керак, -деди Ж.Ваҳобов ўз нутқида. – У саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиши ва минтақаларимиз мамлакатлари учун янги имкониятлар яратиши лозим. Биз транзитга хизмат қиладиган ўзаро боғлиқликдан тараққиётга хизмат қиладиган ўзаро боғлиқликка ўтишимиз зарур.
Ўз навбатида, Грузиянинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармаси (GFSIS) президенти Екатерине Метревели юз бераётган геосиёсий ўзгаришлар Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ манфаатларини яқинлаштириб, хавфсизлик, савдо ва транспорт масалаларида янада яқин ҳамкорлик учун шароит яратаётганлигини қайд этди.

Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси Жанубий Кавказ бўйича директори Марсел Ретиг ГФР ва бошқа Европа давлатлари Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказни барқарор ва мустақил ҳамкорлар сифатида кўришдан манфаатдор эканлигини айтди. Унинг фикрича, транспорт йўналишларини ривожлантириш минтақа мамлакатларининг ўзига сезиларли натижа бериши, жумладан, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши лозим.

Минтақалараро ҳамкорликнинг сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитларига бағишланган биринчи сессияда Қирғиз Республикасининг “Crossroads Central Asia” институти президенти Шаирбек Жўраев халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш аввало, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга асосланиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, давлатлараро муносабатларнинг барқарорлиги сиёсий кескинлик даврларида ҳам юк ташиш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.

Тбилисида жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармаси тадқиқотчиси Алекс Петриашвили минтақавий хавфсизликни таъминлаш Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг зарурий шарти эканлигини қайд этди.

Бу борада ўнлаб йиллар давомида асосан, хавфсизликка таҳдид нуқтаи назаридан кўриб келинган Афғонистонга алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит Ўзбекистон тажрибаси бундай ёндашувдан амалий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ўтиш мумкинлигини кўрсатаётганлигини таъкидлади. У бунга мисол сифатида Трансафғон темир йўли, Лапис-Лазули коридори, TAPI газ қувури ва CASA-1000 энергетика лойиҳасини келтирди.

Иккинчи сессия асосан, юк ташиш ҳажмини ошириш учун зарур бўлган порт ва темир йўл инфратузилмасини кенгайтириш, шунингдек, Ўрта коридорни ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти департаменти раҳбари Бибигул Омирбаева мазкур йўналиш бўйича ташувлар ҳажми барқарор ўсиб бораётганлигини тилга олди. Унинг маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ташувлар ҳажми 29 фоизга ошиб, 4,1 миллион тоннага етган. Унинг фикрича, бундай шароитда Марказий Осиёдан Каспий денгизига юкларни олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этувчи Қозоғистоннинг Ақтау ва Қуриқ портларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.

Каспий денгизи орқали ўтувчи йўналишни ривожлантириш мавзусини давом эттирар экан, Озарбайжон Халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази катта маслаҳатчиси Юнис Гурбанов Алат портининг ўтказувчанлик қувватини 15,5 миллион тоннадан 25 миллион тоннагача ошириш режалари ҳамда Озарбайжонни Грузия ва Туркия билан боғловчи Боку – Тбилиси – Карс темир йўлининг имкониятларини кенгайтириш ҳақида маълумот берди.

Европа Иттифоқи – Грузия Бизнес кенгаши ижрочи директори Георгий Качарава Ўрта коридорнинг ғарбий йўналишини ривожлантириш масалаларига тўхталиб, устувор вазифалар қаторида Поти ва Анаклия Қора денгиз портларининг имкониятларини кенгайтириш, Тбилисида қуруқликдаги портни ташкил этиш, шунингдек, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ компаниялари иштирокида қўшма логистика марказларини яратишни баён этди.

Учинчи сессияда божхона ва чегара тартиб-таомилларини рақамлаштириш орқали юк ташиш муддатларини қисқартириш чоралари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг АКТ ва киберхавфсизлик бошқармаси бошлиғи Элёр Ҳакимов миллий рақамли тизимлар ривожланаётганига қарамай, транзит расмийлаштируви бўйича ягона қоидаларнинг мавжуд эмаслиги халқаро ташувларга ҳануз тўсқинлик қилаётганлигини қайд этди.
Ўзбекистон ҳозирда ўнта давлат билан электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйган, шунингдек, Қозоғистон ва Туркманистон билан транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Унинг фикрича, навбатдаги қадам Европадаги NCTS тизими сингари ягона минтақавий тизимни яратишдан иборат бўлиши керак.
Божхона иши бўйича халқаро эксперт Самсон Уридия суғурта ва молия ташкилотлари иштирокида минтақавий транзит кафолатлари тизимини яратиш, шунингдек, “ягона тўхташ жойи” тамойили асосида қўшма чегара назоратини жорий этишни таклиф қилди.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалий аҳамиятига Туркманистоннинг “Ykjam Hereketa” компанияси логистика ва халқаро операциялар йўналиши раҳбари Акнур Сапарова ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Хитойдан Озарбайжонгача юк етказиб бериш учун белгиланган 12–15 кунлик муддат ташувларни брон қилиш, темир йўл платформалари ва паромларни кутиш, шунингдек, транспорт турлари алмашганда ҳужжатларни расмийлаштириш учун сарфланадиган вақтни ҳисобга олмайди. Шу муносабат билан, у чегараларни кесиб ўтишда қўшимча кечикишларни камайтириш мақсадида ҳужжатларни олдиндан текшириш тизимини йўлга қўйишни таклиф этди.

Якуний сессия инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланди. Арманистон Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази директори Ҳайказ Фанян Жаҳон банки баҳоларига таяниб, Ўрта коридорни ривожлантириш учун қарийб 55 миллиард доллар инвестиция талаб этилишини, шундан қарийб 11 миллиард доллари Ўзбекистонга тўғри келишини таъкидлади.

Бундай лойиҳаларни молиялаштириш масаласига Халқаро молия корпорациясининг Тожикистондаги вакили Фарух Султонов ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, давлат-хусусий шериклик асосидаги инфратузилма лойиҳалари 30–40 йилга мўлжалланган бўлиб, хусусий капитални жалб қилиш учун олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган барқарор шарт-шароитлар ва амалга оширишга пухта тайёрланган лойиҳалар зарур. Шу билан бирга, транспорт коридорларини ривожлантириш билан боғлиқ иқтисодий имкониятлар юк транзити доирасидан анча кенг.

АҚШнинг Жоржтаун университети профессори Тереза Сабонис-Ҳелфф Қозоғистон ва Туркманистон нефтини Ўзбекистонда қайта ишлаш, уран саноатидаги ҳамкорлик ҳамда Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида транскаспий маълумот узатиш кабелини ётқизиш истиқболларини алоҳида таъкидлади.

Конференция якунида иштирокчилар транспорт коридорларини ривожлантириш Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги савдо ҳамда ишлаб чиқариш алоқаларини кенгайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва инвестицияларни жалб қилиш билан биргаликда олиб борилиши лозимлиги тўғрисида якдил фикрга келдилар.
Ў.Алимов, ЎзА