Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи савдосининг стратегик йўналиши
Сўнгги ўн йилликда мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолиятида туб бурилишлар даври бўлди: иқтисодиётни либераллаштириш ва экспортга йўналтирилган моделга ўтиш жараёни жадал давом этмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2015 йилда республикамизнинг умумий ташқи савдо айланмаси 24,9 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йил якунида бу кўрсаткич 67,2 миллиард долларга, 2025 йил якунида эса 82,7 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 20,7 фоизга ошганини кўрсатади. Эътиборлиси, бу ўсишнинг географик тузилишига эътибор қаратилса, Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми мамлакат ташқи савдосининг нисбатан кичик, аммо тез ўсиб бораётган қисмини ташкил этади.
Қайд этиш керак, диёримиз 2025 йилда жаҳоннинг 210 та давлати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Ўлкамиз ташқи савдо айланмасининг таркибий таҳлили шуни кўрсатадики, етакчи ўринларни анъанавий равишда учта давлат эгаллайди: Хитой (айланманинг тахминан 19–21 фоизи), Россия (16–18 фоиз) ва Қозоғистон (6 фоиз атрофида). 2024 йил якунига кўра, Хитой билан савдо айланмаси 17,5 миллиард долларни, Россия билан 13,4 миллиард долларни, Қозоғистон билан эса 5,2 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистон шу тариқа Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори мақомини бир неча йилдан буён барқарор сақлаб келмоқда.
Эътиборлиси, МДҲ давлатлари юртимиз ташқи савдо айланмасининг 2024 йил 11 ойи якунида 35,4 фоизини ташкил этган. Фақат минтақадаги қўшни давлатлар — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан савдо эса турли даврларда умумий айланманинг 10–14 фоизи атрофида қайд этилган. Масалан, 2022 йилнинг биринчи ярмида Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 4 миллиард долларга етиб, умумий ҳажмнинг 14,1 фоизини ташкил этган бўлса, экспорт 1,7 миллиард долларга (19,1 фоизга ўсиб), импорт эса 2,3 миллиард долларга (11,4 фоизга ўсиб) етган эди.
Минтақамиздаги давлатлар ўртасидаги савдонинг ўзида ҳам ранг-баранглик мавжуд. Худди шу 2022 йилги таҳлилга кўра, минтақавий савдонинг 62 фоизи Қозоғистонга, атиги 9 фоизи Тожикистонга тўғри келган, қолган улуш эса Қирғизистон ва Туркманистон ўртасида тақсимланган. Бу ҳолат бежиз эмас: Қозоғистон нафақат аҳоли сони ва иқтисодий салоҳияти бўйича, балки Ўзбекистон билан умумий чегара узунлиги, темир йўл ва автомобиль йўллари тармоғининг ривожланганлиги билан ҳам минтақада алоҳида ўрин тутади. Шу билан бирга, Туркманистон Ўзбекистон учун энергетика соҳасида — нефть ва табиий газ етказиб бериш бўйича стратегик аҳамиятга эга ҳамкор бўлиб қолмоқда.
Қирғизистон билан савдо-иқтисодий алоқалар сўнгги йилларда изчил ривожланиб бормоқда, чегара ҳудудларидаги савдо ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари алмашинуви бу йўналишнинг асосини ташкил этади. Шунингдек, Президент Ш.Мизиёевнинг 2026 йил август ойида Чўлпонота шаҳрига ташрифи доирасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш ҳамда Қамбарота-1 ГЕСни барпо этиш лойиҳасини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги бунинг яққол далили бўла олади.
Таъкидлаш керакки, 6–14 фоизлик улуш унчалик катта кўринмаслиги мумкин. Аммо иқтисодий география нуқтаи назаридан бу рақамларнинг ортида бир неча муҳим омиллар ётади.
Биринчидан, транспорт-логистика омили. Марказий Осиё мамлакатлари Ўзбекистон учун денгизга чиқиш имконияти бўлмаган минтақада энг қисқа ва арзон транзит йўлини таъминлайди. Сўнгги йилларда “TransLogistica Uzbekistan” каби халқаро кўргазма-анжуманларнинг Тошкентда ўтказилиши, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси каби инфратузилма ташаббуслари минтақавий транспорт тизимини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Иккинчидан, хавфсизлик ва барқарорлик омили. Қўшни давлатлар билан иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг кучайиши минтақада низолар эҳтимолини камайтиради ва Марказий Осиёни ягона иқтисодий макон сифатида ривожлантириш истиқболларини яратади. Бу эса 2016 йилдан буён ўлкамиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Учинчидан, товар таркибини диверсификация қилиш имконияти. Узоқ мамлакатлар билан савдода логистика харажатлари ва валюта таваккалчилиги юқори бўлса, қўшни давлатлар билан савдода Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тайёр маҳсулотлар ва хизматлар экспортини кенгайтириш учун нисбатан қулай шарт-шароитларга эга.
Иқтисодчилар томонидан ўтказилган минтақавий таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ҳали ҳам истиқболли, аммо тўлиқ амалга оширилмаган йўналиш бўлиб қолмоқда. Бунга бир қатор сабаблар бор. Жумладан, транспорт инфратузилмасининг номукаммаллиги, нотариф тўсиқларнинг сақланиб қолиши, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларидаги фарқлар, шунингдек, чегара-божхона амалиётидаги баъзи бюрократик чекловлар.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо баланси барқарор манфий бўлиб қолмоқда — 2025 йилда тақчиллик 13,5 миллиард доллардан ошган, бу эса импортни ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни, жумладан, минтақа бозорларига мўлжалланган маҳсулотларни ривожлантириш заруратини яна бир бор кўрсатади.
Рақамлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи савдосида ҳажми бўйича эмас, балки стратегик аҳамияти бўйича алоҳида ўрин тутади. Қозоғистон мамлакатимизнинг учинчи йирик савдо ҳамкори, Туркманистон энергетика соҳасидаги таянч ҳамкор, Қирғизистон ва Тожикистон эса чегара минтақалари иқтисодиёти учун ҳаётий аҳамиятга эга бозорлардир. Минтақа ичи савдонинг умумий айланмадаги улушини ошириш — бу нафақат статистик кўрсаткич, балки Марказий Осиёни ягона, ўзаро боғлиқ ва барқарор иқтисодий маконга айлантириш йўлидаги амалий қадамдир.
Транспорт йўлакларини ривожлантириш, савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш ва минтақавий қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини кенгайтириш – бугунги кунда Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Меҳри Воҳидова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти