Умуммиллий иш берувчилар сўровномаси ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан республика миқёсида Умуммиллий иш берувчилар сўровномаси ўтказилмоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб ўтган йиғилишда агентлик бош инспектори Раҳматжон Рўзметов сўровномадан кўзланган асосий мақсад – олий таълим ташкилотлари ва техникумлар битирувчиларининг билим, амалий кўникма ва компетенцияларини бевосита иш берувчилар фикри асосида баҳолаш, уларнинг тайёргарлиги замонавий меҳнат бозори талабларига қай даражада мос келаётганини аниқлаш ҳамда таълим билан ҳақиқий иқтисодиёт эҳтиёжлари ўртасидаги боғлиқликни янада кучайтиришдан иборат эканлигини қайд этди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 27 июлдан бошлаб сўровнома республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган сўровнома жараёнига ҳам махсус тайёргарликдан ўтган операторлар жалб этилиб, улар иш берувчилар билан телефон орқали интервьюлар ўтказди. Шу билан бирга, зарур ҳолларда корхона ва ташкилотларга бевосита чиққан ҳолда иш берувчилар билан суҳбатлар ташкил этилди. Сўровнома республикадаги олий таълим ташкилотлари ва техникумлар битирувчиларини ишга қабул қилган турли соҳа ва тармоқлардаги иш берувчиларни қамраб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири