Марказий Осиё: Бола ҳуқуқи ҳимояси бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланади
Астана шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари бола ҳуқуқлари бўйича вакилларининг "Болалар овози: миллий стратегиялар ва хавфсиз рақамли муҳит" II халқаро форуми бўлиб ўтди.
“Кабар” ахборот агентлиги хабар беришича, анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Финляндия давлатлари ҳамда Япониянинг Кавасаки шаҳри бола ҳуқуқи бўйича ваколатли вакиллари, Туркманистон ва Хитойдан давлат идоралари мутахассислари, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Парламент депутатлари, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари, БМТ Бош котиби болаларга нисбатан зўравонлик масаласи бўйича махсус вакили Нажот Маъла Мажид иштирок этди.
Ялпи мажлисда иштирокчи мамлакатларда бола ҳуқуқини таъминлаш бўйича миллий стратегиялар тақдим этилди. Шундан сўнг форум "Инклюзив муҳитни ривожлантириш ва барча болалар учун тенг имкониятни таъминлаш" ва "Рақамли муҳитда болаларни ҳимоя қилиш ва психологик фаровонлик" мавзуларида шўъба йиғилиши шаклида давом этди.
Эслатиб ўтамиз, 2027 йил Марказий Осиё давлатлари бола ҳуқуқи бўйича ваколатли вакиллари III халқаро форуми Қирғизистонда ўтказилади.
А.Маматов, ЎзА