Хитойнинг уч энг йирик авиакомпанияси зарар кўрди
Хитойнинг етакчи авиаташувчилари “Air China, "China Eastern Airlines” ва “China Southern Airlines” жорий йилни молиявий йўқотиш билан якунламоқда.
Одатда энг кўп фойда келтирадиган ёзги мавсумда ёнилғи харажати кескин ортиши, ички бозордаги арзон тариф ва тайфунлар сабаб юзага келган узилиш ушбу компанияларнинг молиявий аҳволига жиддий зарба берди. Таҳлилчилар ҳисобига кўра, “Air China” ва “China Eastern” пандемиядан бери кетма-кет еттинчи йилни ҳам камомад билан ёпяпти. Қисқа муддат фойдага чиққан “China Southern Airlines” ҳам яна зарар гирдобига тушди.
Учинчи чорак молиявий кўрсаткичига кўра, соф фойда “Air China”да 92,6 фоиз, “China Eastern”да 98,2 фоиз камайган. “China Southern” эса ўтган йилги фойда ўрнига 609 миллион юань зиён кўрди.
Натижада ўтган йил фойда билан ишлаган ҳар учала корхона жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойини манфий кўрсаткич билан якунлади. Бунга асосий сабаб сифатида февраль охирида АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий ҳаракат бошлангандан бери авиация ёнилғиси нархи икки баробардан кўпроқ кўтарилгани кўрсатиляпти. Зеро, Хитой авиакомпаниялари ёнилғи нархи тебранишидан етарли даражада суғурталанмагани туфайли қимматчиликка бардош беролмади.
Қолаверса, ички бозордаги шиддатли рақобат, тез юрар поездлар оммалашуви ҳам чипта нархини тушириб юборди ва компаниялар ёнилғининг юқори сарфини қоплай олмади. Мутахассислар фикрича, олдинда турган тўртинчи чорак авиация соҳаси учун мавсумий суст давр бўлгани боис, зарар миқдори янада ортиши мумкин. Харажатни камайтириш учун парвоз соатини кўпайтиришга ҳаракат қилинаётган бўлса-да, ёнилғи қимматлиги ва талаб пастлиги корхоналарни оғир аҳволга солган. Бу ҳолат акция йил бошидан буён 38-46 фоиз қадрсизланишига олиб келди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА