Марказий банк: Онлайн микрокредитларда суғурта шартлари очиқ ва шаффоф бўлиши шарт
Марказий банк онлайн микрокредитлар ажратиш жараёнида суғурта полислари бўйича мижозларга тўлиқ, аниқ ва тушунарли ахборот тақдим этилиши, шунингдек, суғурта мукофотини қайтариш тартиби содда ҳамда шаффоф ташкил этилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланишича, айрим ҳолатларда онлайн микрокредит расмийлаштириш чоғида суғурта мукофоти мижоз маблағлари ёки кредит суммаси ҳисобидан ушлаб қолинаётгани, кредит муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганда эса суғурта шартномасининг фойдаланилмаган даври учун тўланган мукофот қайтарилмаслиги ёки уни қайтариш тартиби мижозлар учун етарлича тушунарли эмаслиги кузатилмоқда.
Марказий банк бундай ҳолатлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига бевосита дахлдор масала эканини қайд этиб, тижорат банклари ўзларининг расмий ахборот каналлари орқали фуқароларга қуйидаги масалалар юзасидан аниқ ва батафсил тушунтириш бериши лозимлигини билдирди. Хусусан, онлайн микрокредит расмийлаштирилганда суғурта маҳсулоти таклиф этилиши ёки этилмаслиги, суғуртанинг мижоз учун ихтиёрий экани ёки кредит ажратишнинг мажбурий шарти ҳисобланиши, суғурта мукофоти қайси манба ҳисобидан (мижоз ҳисобварағи, кредит маблағи ёки бошқа манба) тўланиши, суғурталовчи ташкилотлар рўйхати ҳамда банкнинг ушбу жараёндаги мақоми (кредитор, агент ёки техник воситачи) батафсил тушунтириш берилиши лозим.
Шунингдек, кредит муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганда суғурта мукофоти қайтарилиши ёки қайтарилмаслиги, мукофотни қайтариш муддатлари ва бунинг учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати эълон қилиши лозим.
Агар кредит ажратиш жараёнида суғурта мукофотини қайтариш билан боғлиқ техник чекловлар, ноқулайликлар ёки бошқа муаммолар мавжуд бўлса, банклар бу ҳақда очиқ ахборот бериши, муаммони бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларнинг бажарилиш муддатлари ҳамда мижозлар учун муҳим бўлган барча маълумотларни ошкора тақдим этиши зарур.
Марказий банк мазкур ёндашув молиявий хизматлар бозорида шаффофликни таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва банк тизимига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА