"Enterprise Uzbekistan" ва TIFC: нима учун айнан инглиз ҳуқуқи танланди?
Мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда халқаро бизнес учун замонавий ҳуқуқий инфратузилмани шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган ташаббуслардан бири Рақамли технологиялар халқаро маркази «Enterprise Uzbekistan» лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек Тошкент халқаро молиявий маркази(TIFC)ни ташкил этиш ташаббуси бўлди. Мазкур икки ташаббуснинг энг муҳим хусусияти шундаки, Ўзбекистон мустақиллиги тарихида илк бор махсус ҳуқуқий режимлар доирасида инглиз умумий ҳуқуқи (English Common Law) элементларини қўллаш назарда тутилмоқда.
2025 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Enterprise Uzbekistan» Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу марказ илк бор 2024 йил февраль ойида IT Park ҳудудида ташкил этилган бўлиб, унда 2024 йил 1 июндан бошлаб хорижий компаниялар учун беш йиллик эксперимент тариқасида махсус ҳуқуқий режим жорий этиш белгиланган эди. Кейинги фармон билан Президент Enterprise Uzbekistanни инглиз ва Уэльс умумий ҳуқуқи нормалари ва принциплари ёки етакчи халқаро молиявий марказлар стандартларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд (юрисдикция) сифатида белгилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг яна бир фармони билан Тошкент халқаро молиявий маркази (TIFC) ҳамда Тошкент халқаро тижорат судини ташкил этиш белгиланди. Мазкур ҳудудларда етакчи халқаро молиявий юрисдикциялар тамойилларига асосланган махсус ҳуқуқий режим доирасида белгиланган фаолият турларини амалга оширишга рухсат берилиши назарда тутилган. Замонавий ҳуқуқий тартибга солиш, мустақил суд тизими ва халқаро тижорат арбитражининг уйғунлиги айнан шу юрисдикцияларга жаҳоннинг энг йирик хорижий инвестицияларни жалб қилиш марказларидан бирига айланиш имконини берди.
Бугунги кунда айнан шундай йўлдан Ўзбекистон Республикаси ҳам бормоқда. Бироқ бу ислоҳотлар билан бир қаторда қатор муҳим ва долзарб саволлар ҳам юзага келмоқда.
Ушбу саволларга атрофлича жавоб олиш мақсадида халқаро ҳуқуқ, инглиз ҳуқуқи, халқаро интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мутахассис, Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик Тадқиқот маркази катта илмий ходими, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Шоҳрухбек Тиллабоев билан суҳбатлашдик.

– Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этиш ҳақида кўп гапирилмоқда. Нима учун айнан ҳозир бундай қадамга эҳтиёж пайдо бўлди, бу нимани англатади?
– Менимча, аввало, энг кенг тарқалган нотўғри тасаввурлардан бирига ойдинлик киритиш лозим. Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этиш ҳақида сўз кетганда, айримлар буни миллий ҳуқуқ тизимини тўлиқ алмаштириш ёки мамлакатнинг романо-герман ҳуқуқ тизимидан англосаксон ҳуқуқ тизимига ўтиши сифатида қабул қилади. Аслида эса бу мутлақо нотўғри ёндашув.
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизими континентал (романо-герман) ҳуқуқ оиласига мансуб бўлиб, унинг асосини Конституция, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ташкил этади. Бугун ҳам мамлакат ҳудудидаги ижтимоий муносабатларнинг асосий қисми айнан миллий қонунчилик билан тартибга солинади. Инглиз ҳуқуқини қўллаш эса фақат махсус ҳуқуқий режим жорий этилган алоҳида юрисдикциялар доирасида ҳамда халқаро инвестициялар, рақамли иқтисодиёт, молиявий хизматлар ва трансчегаравий тижорат муносабатлари каби муайян соҳаларга нисбатан назарда тутилмоқда.
Бундай ёндашувни янгилик деб бўлмайди. Аксинча, сўнгги йигирма йил давомида у халқаро молиявий ва инвестиция марказларини ривожлантиришнинг энг муваффақиятли моделларидан бири сифатида шаклланди. Масалан, Dubai International Financial Centre (DIFC), Abu Dhabi Global Market (ADGM), Astana International Financial Centre (AIFC) ва Qatar Financial Centre (QFC) каби халқаро марказлар ўз миллий ҳуқуқ тизимларини сақлаб қолган ҳолда, махсус юрисдикциялар доирасида инглиз умумий ҳуқуқи тамойилларини жорий этдилар. Бу давлатларнинг ҳеч бири миллий ҳуқуқ тизимидан воз кечмади. Инглиз ҳуқуқи фақат махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган ҳудудларда ва қонун билан белгиланган муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Бугунги кунда айнан шундай ёндашув Ўзбекистонда ҳам шакллантирилмоқда. «Enterprise Uzbekistan»нинг ташкил этилиши ва TIFCни барпо этиш бўйича ташаббуслар давлатнинг халқаро инвестицияларни жалб қилиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда мамлакатни минтақавий молиявий ва технологик марказга айлантиришга қаратилган стратегик сиёсатига тўлиқ мос келади.
– Нима учун айнан инглиз ҳуқуқи танланди?
– Бунинг жавоби жуда амалий аҳамиятга эга. Бугунги кунда халқаро тижорат муносабатларида инглиз ҳуқуқи энг кенг қўлланиладиган ҳуқуқ тизимларидан бири ҳисобланади. Йирик инвестиция шартномалари, банк кредитлари, лойиҳавий молиялаштириш, венчур инвестициялари, акциядорлик битимлари (Shareholders' Agreements), компанияларни қўшиб юбориш ва сотиб олиш (M&A) ҳамда бошқа кўплаб трансчегаравий тижорат шартномалари айнан инглиз ҳуқуқи асосида тузилади. Ҳатто битим иштирокчилари Буюк Британия билан ҳеч қандай алоқадор бўлмаган ҳолларда ҳам улар кўпинча шартномага нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ сифатида айнан инглиз ҳуқуқини танлайди.
Бунинг асосий сабаби — халқаро бизнес ҳамжамиятининг инглиз умумий ҳуқуқига бўлган юқори ишончи. Асрлар давомида шаклланган суд амалиёти натижасида инглиз ҳуқуқида тижорат муносабатларини тартибга солувчи мустаҳкам ва барқарор ҳуқуқий механизмлар вужудга келган. Улар шартнома эркинлиги, томонлар иродасининг устуворлиги, ҳуқуқий аниқлик, таваккалчиликларни олдиндан тақсимлаш ҳамда инвесторларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш имконини беради.
Замонавий инвестор учун солиқ имтиёзлари муҳим омил ҳисобланса-да, улар ягона ҳал қилувчи мезон эмас. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, инвестор биринчи навбатда қуйидаги саволларга жавоб излайди: шартнома қайси ҳуқуқ билан тартибга солинади? Низо келиб чиқса, уни қайси суд ёки арбитраж кўриб чиқади? Қабул қилинган қарор мустақил ва адолатли бўладими? Унинг ижроси кафолатланадими? Айнан шу омиллар инвестиция муҳитининг ҳақиқий жозибадорлигини белгилайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Enterprise Uzbekistan ва TIFCни ташкил этиш орқали Ўзбекистон нафақат янги инвестиция майдонларини, балки халқаро инвесторлар учун тушунарли ва прогноз қилиниши мумкин бўлган ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга интилаётганини кўриш мумкин.
– Рақамли технологиялар халқаро маркази «Enterprise Uzbekistan»ни нима учун оддий эркин иқтисодий зона деб ҳисоблаб бўлмайди?
– Бир қарашда Рақамли технологиялар халқаро маркази тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари тақдим этувчи навбатдаги эркин иқтисодий зона сифатида кўриниши мумкин. Бироқ бундай тасаввур масалага жуда соддалаштирилган ёндашув бўлар эди. Агар ушбу марказнинг ҳуқуқий асослари ва мақсадларини чуқур таҳлил қилсак, гап Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган, анъанавий эркин иқтисодий зоналардан тубдан фарқ қилувчи ҳуқуқий институт ҳақида бораётганини кўриш мумкин.
“Enterprise Uzbekistan” мутлақо бошқа мақсад билан ташкил этилмоқда. Унинг асосий вазифаси билимлар иқтисодиёти, инновациялар ва юқори технологиялар ривожига хизмат қилувчи халқаро рақамли юрисдикцияни шакллантиришдан иборат. Шу сабабли марказ диққат марказида саноат корхоналари эмас, балки технологик компаниялар, дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар, стартаплар, сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар, финтех компаниялар, рақамли платформалар, киберхавфсизлик соҳаси иштирокчилари, катта маълумотлар (Big Data), булутли технологиялар, блокчейн ечимлари ҳамда рақамли иқтисодиётнинг бошқа замонавий йўналишлари турибди.
Рақамли технологиялар халқаро марказининг энг муҳим хусусияти шундаки, давлат бу ерда фақат солиқ имтиёзлари берилган ҳудудни эмас, балки халқаро рақамли бизнес ва инвестицияларга йўналтирилган махсус ҳуқуқий муҳитни шакллантирмоқда.
Жумладан, Марказ доирасида иштирокчилар ўртасидаги тижорат муносабатларини тартибга солишда инглиз шартнома ҳуқуқининг айрим элементларини қўллаш имконияти назарда тутилмоқда. Бу халқаро бизнес амалиётида кенг тарқалган кўплаб замонавий шартнома конструкцияларидан бевосита Марказ резидентлари томонидан фойдаланиш имконини беради. Бундай ёндашув хорижий инвесторлар ишончини сезиларли даражада оширади, чунки улар ўзларига яхши таниш бўлган ҳуқуқий механизмлар ва битимларни тузиш усулларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар.
Бундан ташқари, махсус ҳуқуқий режим оддий шартнома муносабатларидан анча кенг соҳаларни қамраб олади. У резидентларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, корпоратив бошқарув, инвестиция фаолияти, интеллектуал мулк, меҳнат муносабатларининг айрим жиҳатлари, рақамли технологиялардан фойдаланиш, маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек тижорат низоларини ҳал қилиш механизмларини ҳам ўз ичига олади.
– Агар “Enterprise Uzbekistan” доирасида инглиз ҳуқуқи қўлланилса, у ҳолда келиб чиқадиган низоларни қайси орган кўриб чиқади? Алоҳида суд ташкил этиш назарда тутилганми?
– Бу, эҳтимол, бутун ислоҳотнинг энг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади. Амалиёт шуни кўрсатадики, ҳар қандай инвестор учун шартномага қайси ҳуқуқ қўлланилишини билишнинг ўзи етарли эмас. У учун ушбу ҳуқуқни қайси орган талқин қилиши ва низо келиб чиққан тақдирда унинг ҳуқуқлари қандай тартибда ҳимоя қилиниши ҳам бирдек муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, “Enterprise Uzbekistan” бўйича тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳасида ихтисослашган суд ташкил этиш назарда тутилган. Мазкур суд Марказ фаолияти доирасида келиб чиқадиган аксарият низолар бўйича мутлақ (махсус) юрисдикцияга эга бўлиши белгиланмоқда.
Бу эса ихтисослашган суд фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг “Enterprise Uzbekistan” билан боғлиқ асосий иқтисодий низолар айнан шу суд томонидан кўриб чиқилишини англатади. Бундай низолар, аввало, Марказ резидентлари ўртасида юзага келадиган тижорат низолари, шунингдек “Enterprise Uzbekistan”нинг махсус ҳуқуқий режими доирасида тузилган шартномалардан келиб чиқадиган иқтисодий муносабатлар билан боғлиқ низоларни қамраб олади. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси ихтисослашган суд ташкил этилгунга қадар амал қиладиган ўтиш даври механизмини ҳам белгилайди. Унга кўра, тижорат шартномаларидан келиб чиқадиган низолар, энг аввало, томонларнинг қўлланиладиган ҳуқуқ ва низоларни ҳал этиш усули ҳақидаги келишувига мувофиқ ҳал этилади. Агар томонлар шартномада бундай шартни назарда тутмаган бўлса, умумий қоидага кўра, арбитраж муассасаси сифатида Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) белгиланади.
Бунда арбитраж ўтказиладиган жой сифатида Тошкент шаҳри белгиланади, низо эса TIAC Арбитраж регламенти асосида кўриб чиқилади. Бунинг амалий аҳамияти жуда катта. Чунки бу механизм орқали инвесторлар ихтисослашган суд фаолияти бошлангунга қадар ҳам халқаро стандартларга мос келадиган арбитраж муҳокамасидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар ва бунинг учун хорижий арбитраж марказларига мурожаат қилишга эҳтиёж қолмайди. Шу билан бирга, Конституциявий қонун лойиҳасида «қоида тариқасида» деган ибора қўлланилганига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу шуни англатадики, TIAC ягона мажбурий низоларни ҳал қилиш институти эмас. Агар томонлар ўз шартномасида бошқа халқаро арбитраж институтини ёки низоларни ҳал қилишнинг бошқа механизмини танлаган бўлса ва бу қонунчиликка зид бўлмаса, уларнинг келишуви устувор аҳамият касб этади.
Менимча, айнан шундай ёндашув халқаро инвестиция амалиётининг энг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланган томонлар иродаси автономияси (party autonomy) принципини таъминлайди ҳамда инвесторларга ўзлари учун энг мақбул низоларни ҳал қилиш механизмларини танлаш имкониятини сақлаб қолади.
– Шу ўринда яна бир ўринли савол туғилади. Агар Рақамли технологиялар халқаро маркази доирасида аллақачон инглиз ҳуқуқини қўллаш ва махсус инвестиция юрисдикциясини яратиш назарда тутилган бўлса, унда нега Ўзбекистонга яна Тошкент халқаро молиявий маркази(TIFC) керак? Бу икки лойиҳа бир-бирини такрорламайдими?
– Бир қарашда ҳақиқатан ҳам Рақамли технологиялар халқаро маркази ва Тошкент халқаро молиявий маркази (TIFC) бир хил мақсадни кўзлаётгандек туюлиши мумкин. Ҳар икки ташаббусда ҳам инглиз умумий ҳуқуқини қўллаш, махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилган. Бироқ ушбу лойиҳаларни чуқурроқ таҳлил қилсак, улар иқтисодиётнинг турли соҳаларига ихтисослаштирилган икки мустақил ташаббус экани яққол намоён бўлади.
Оддий қилиб айтганда, Рақамли технологиялар халқаро маркази рақамли иқтисодиёт учун мўлжалланган халқаро ҳуқуқий юрисдикция бўлса, Тошкент халқаро молиявий маркази (TIFC) халқаро молиявий марказ сифатида шакллантирилмоқда. Айнан шу жиҳат улар ўртасидаги энг муҳим фарқ ҳисобланади. “Enterprise Uzbekistan” энг аввало, технологик секторга йўналтирилган. Унинг эҳтимолий иштирокчилари қаторига дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар, сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи компаниялар, стартаплар, венчур фондлари, рақамли платформалар, электрон тижорат субъектлари, рақамли сервислар яратувчилари, киберхавфсизлик мутахассислари ҳамда интеллектуал мулк объектлари эгалари киради. Бу ерда инглиз ҳуқуқи рақамли технологиялар соҳасидаги замонавий тижорат муносабатларини тартибга солиш воситаси сифатида қўлланилади.
TIFC эса, аксинча, мамлакатнинг халқаро молиявий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳаси ва эълон қилинган концептуал материалларга кўра, унинг асосий вазифаси Тошкент шаҳрида нафақат Ўзбекистон ички бозорига, балки бутун Марказий Осиё минтақасига хизмат кўрсатадиган халқаро молиявий марказни шакллантиришдан иборат. Шундай қилиб, “Enterprise Uzbekistan”ни халқаро технологик хаб деб аташ мумкин бўлса, TIFCни халқаро молиявий хаб сифатида баҳолаш мумкин. Халқаро тажриба ҳам айнан шу моделнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Масалан, Бирлашган Араб Амирликларида Dubai Internet City ахборот технологиялари ва инновация соҳасига ихтисослашган бўлса, Dubai International Financial Centre (DIFC) халқаро молиявий хизматлар маркази сифатида фаолият юритади. Худди шундай ёндашув Қозоғистонда ҳам қўлланилган бўлиб, Astana International Financial Centre (AIFC) мамлакатнинг халқаро молиявий тизимини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Менимча, “Enterprise Uzbekistan” ва TIFCни рақобатчи эмас, балки ягона инвестиция экотизимининг бир-бирини тўлдирувчи икки асосий бўғини сифатида кўриш лозим.
Биринчиси инновациялар, рақамли технологиялар ва интеллектуал мулкни ривожлантирса, иккинчиси ушбу лойиҳаларни молиялаштириш, капитал жалб қилиш ва халқаро молиявий хизматларни таъминлаш учун зарур ҳуқуқий ва институционал муҳитни шакллантиради.
Бошқача айтганда, “Enterprise Uzbekistan” инновацияларни яратади, TIFC эса уларнинг ўсиши ва халқаро миқёсда ривожланиши учун зарур бўлган молиявий ресурслар ва инфратузилмани таъминлайди.
Агар ушбу икки ташаббус ўзаро уйғун ҳолда ривожлантирилса, Ўзбекистон рақамли иқтисодиёт, халқаро молия ва инглиз ҳуқуқига асосланган замонавий ҳуқуқий инфратузилмани бирлаштирган Марказий Осиёдаги янги халқаро бизнес марказларидан бирига айланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси сўнгги ўн йилликлардаги энг муҳим ҳуқуқий ва инвестиция ислоҳотлари босқичига кириб келмоқда. «Enterprise Uzbekistan» ҳамда TIFCнинг ташкил этилиши инвестицияларни жалб қилишнинг асосан солиқ имтиёзларига таянган анъанавий моделидан ҳуқуқий тартибга солиш сифати, мустақил низоларни ҳал қилиш механизмлари ва инвесторлар ишончига асосланган замонавий институционал муҳитга ўтишни англатади.
Энг муҳим жиҳат шундаки, инглиз ҳуқуқи миллий қонунчиликка муқобил тизим сифатида эмас, балки махсус халқаро юрисдикциялар фаолиятини таъминловчи қўшимча ҳуқуқий восита сифатида қаралмоқда. Бу ёндашув жаҳон амалиётига тўлиқ мос келади. Шу билан бирга, “Enterprise Uzbekistan” ва TIFCни рақобатчи лойиҳалар сифатида эмас, балки мамлакат тараққиётининг ягона стратегиясини амалга оширувчи ўзаро бир-бирини тўлдирувчи институтлар сифатида баҳолаш лозим.
ЎзА мухбири Шербек Исломов суҳбатлашди.