Эшитилган ҳар бир мурожаат — амалий ечим сари ташланган қадам
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни жойида ўрганиш ва бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказадиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида “Очиқ мулоқот – 2026” тадбири ташкил этилди.
Мулоқотда Жиззах вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Марказий банк, Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ҳамда бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда тадбиркорлар ҳам иштирок этишди.

Учрашув очиқ мулоқот ва амалий ечимлар руҳида кечди. Тадбиркорлар ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, божхона расмийлаштируви, бизнес юритиш жараёнида юзага келаётган турли масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини эркин баён қилди. Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан мутасадди идоралар масъуллари томонидан ҳуқуқий изоҳлар берилди, амалий ечимлар юзасидан аниқ тавсиялар билдирилди.

Айниқса, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни умумлаштириш, уларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган VI очиқ мулоқоти кун тартибини шакллантиришда инобатга олиниши мумкин бўлган таклифларни саралашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса тадбиркорларнинг овози давлат сиёсатида ўз аксини топишига хизмат қилади.

Тадбир якунида ташқи иқтисодий фаолиятда юқори натижаларга эришган, экспорт салоҳиятини юксалтириш, қонунчилик талабларига сўзсиз риоя қилиш ҳамда божхона органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган бир қатор тадбиркорлик субъектлари турли номинациялар бўйича муносиб тақдирланди.

Эътироф этилган мазкур ютуқлар тадбиркорларнинг нафақат ўз бизнесини ривожлантириш, балки мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш йўлидаги муносиб ҳиссасига берилган юксак баҳодир. Энг муҳими, бундай очиқ мулоқотлар давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, муаммоларни эшитиш эмас, балки уларни ҳал этишнинг таъсирчан механизми сифатида ўз аҳамиятини намоён этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири