Марказдан маҳаллагача: камбағалликка қарши курашнинг янги тизими
Муносабат
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар моҳиятини ягона ва эзгу бир ғоя мужассам этади – инсон қадри ва унинг фаровонлиги. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳар бир юртдошимиз ҳаётига бевосита дахлдор манзилли мулоқот майдонига айланди.
Очиқ ва чуқур таҳлилларга бой ўтган йиғилишда сўнгги йилларда эришилган натижалар эътироф этилиши билан бирга, тараққиётга ғов бўлаётган тўсиқлар ва айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги кескин танқид қилинди. Энг муҳими, йиғилиш шунчаки муаммоларни санаш билан чекланмай, ҳар бир маҳалла, оила ва фуқаро даражасида камбағалликни барҳам топтиришнинг мутлақо янги механизмларини белгилаб берди.
Агар рақамларга мурожаат қилсак, йил бошида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 5,8 фоизни, эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафарни ташкил этган эди. Тизимли ва манзилли чора-тадбирлар эвазига бу кўрсаткич қисқа фурсатда 1,5 миллион нафаргача қисқарди. Бу шунчаки қуруқ статистика эмас, балки юз минглаб хонадонларга кириб борган қут-барака, фарзандлар табассуми ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч ифодасидир.

Жумладан, ишни тўғри ва оқилона ташкил этган 49 та туман ҳамда 3 минг 429 та маҳалла бугун ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланди. Бироқ ҳамма жойда ҳам аҳвол бир хил эмас. Етарли ресурс ва имконият берилганига қарамай, 159 та туман-шаҳар ҳамда 5 минг 536 та маҳаллада кутилган натижа таъминланмади. Бу ҳолат муаммо маблағ ёки имконият йўқлигида эмас, балки мавжуд ресурсларни тўғри бошқара олмасликда эканини кўрсатиб берди.
Вазиятнинг аслида қандайлигини англаш учун Президент топшириғига кўра иқтисодий комплекс раҳбарлари Хоразм вилоятида бўлиб, 81 минг камбағал аҳоли шароитини хонадонбай ўрганди. Натижада 12 минг ишсиз ва 10 минг даромади паст фуқаро борлиги аниқланди. Ажабланарлиси, айни вақтда вилоятдаги тадбиркорлар қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида 9,5 мингга яқин ишчи изламоқда. Яъни, иш ўрни бор, аммо талаб ва таклиф ўртасида ўзаро узвийлик ва мувофиқлик мавжуд эмас.
Шу билан бирга, таҳлиллар яна бир муҳим жиҳатни юзага чиқарди: ўрганилган оилаларда 48 минг нафар бола тарбияланаётган бўлса-да, уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаган. 10 мингдан зиёд аёл эса бола парвариши билан бандлиги сабабли меҳнат бозорига чиқа олмайди, ҳудудда боғча қамрови эса 75 фоизга ҳам етмайди. Хоразм мисолида намоён бўлган бу манзара бутун республика учун характерли бўлиб, камбағалликка қарши курашда комплекс ва янгича ёндашув сув билан ҳаводек зарурлигини кўрсатиб берди.
Айнан шу боис йиғилишда камбағаллик билан ишлаш тизимини тубдан ўзгартириб, барча ваколат ва молиявий манбаларни бевосита туман ҳамда маҳалла даражасига тушириш бўйича қарор қабул қилинди.
Эндиликда ҳокимлар ва иқтисодий комплекс ҳафтанинг 3 кунини фақат камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалаларига бағишлайди. Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги кредитлари, шунингдек, тегишли жамғармалардаги 1 триллион 100 миллиард сўм ҳамда компенсациялар учун мўлжалланган 300 миллиард сўм – жами 3 триллион 200 миллиард сўмлик улкан ресурс бевосита туман штаблари ихтиёрига ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, туман штабларига мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилмоқда. Энди улар кимга қанча кредит, субсидия ёки фоизсиз ссуда ажратишни, тўлов графикларини деҳқончилик, савдо ёки хизмат кўрсатиш каби бизнес турларига мослаштиришни жойида мустақил ҳал этади. Кооперацияни ривожлантириш ва етакчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 та камбағал оилани банд қилган лидер тадбиркорларга 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорлик ўрнатганларга эса 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредитлар ажратиш имконияти яратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар эҳтиёжманд оилалар ҳаётида туб бурилиш ясайди. Чунки бундан буён камбағаллик фақат даромад миқдори билан эмас, балки ногиронлик, сурункали хасталиклар ва кўп болалилик каби ҳаётий омилларни қамраб олувчи кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали аниқланади ва манзилли ҳал этилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА