Ўзбекистон – Франция муносабатлари кенгайиб бормоқда
Франция Миллий Ассамблеяси депутати, “Франция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раиси Катрин Эрвье раҳбарлигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Делегация вакиллари Спикер ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов билан учрашди.
Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон – Франция муносабатлари кенгайиб, савдо-иқтисодий, энергетика, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. 2025 йил 12 март куни Париж шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон томонидан Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши икки давлат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Р.Ҳакимов меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, конституциявий ислоҳотлар натижасида парламент ваколатлари кенгайгани ва парламент назорати механизмлари янада кучайтирилгани таъкидланди.
Ўз навбатида, К.Эрвье Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини юқори баҳолади. У Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, юртимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва тараққиёт тилади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон бугунги кунда халқаро мулоқот ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим майдонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Мулоқотда қайд этилганидек, 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1,4 миллиард АҚШ долларига етди. Франция компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса 12 миллиард евродан ошган. Шунингдек, Ўзбекистон – Франция университетининг ташкил этилиши, маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазманинг ўтказилиши гуманитар алоқаларнинг ҳам изчил кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашда парламентларнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва парламент дипломатияси соҳаларидаги ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода учрашувда Ўзбекистон ва Франция парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, парламент қўмиталари ва фракциялари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни кенгайтириш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, ўзаро ташрифларни кўпайтириш каби масалаларга эътибор қаратилди. Бу борада ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашинувини изчил давом эттиришга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА