Ўзбекистон делегацияси Белграддаги хотира тадбирида иштирок этди
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Белград шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати ташкил этилганининг 65 йиллигига бағишланган юқори даражадаги хотира учрашувида иштирок этди.
Тадбирда 30 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламентлар раислари, бош вазирлар ўринбосарлари, вазирлар бошчилигидаги делегациялар қатнашди.
Тадбирнинг очилиши маросимида Сербия Президенти Александр Вучич нутқ сўзлаб, 1961 йилда Қўшилмаслик ҳаракатининг биринчи конференцияси ўтказилган жой сифатида Белграднинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Ҳаракатнинг асосий тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётганини қайд этди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари С.Сафоев Қўшилмаслик ҳаракатининг бугунги кундаги аҳамияти ва Ўзбекистоннинг 2027-2030 йиллардаги раислигига тайёргарлик ҳақида сўз юритди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро минбарларда илгари сурилган тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорлик, иқлим ўзгариши ва ёшлар масалаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббуслар устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.

Тадбир доирасида Сербия Республикаси Президенти Ўзбекистон делегацияси билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар икки давлат Президентлари ўртасида йўлга қўйилган фаол мулоқот асосида жадал суръатларда ривожланиб бораётгани эътироф этилди.

Парламентлараро мулоқот, иқтисодиёт, инвестициялар, савдо ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Сербия Республикаси Халқ йиғилиши спикери ўринбосари Марина Рагуш ва бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА