Марҳаматнинг обод маҳаллалари
Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Марҳамат тумани маҳаллаларида ҳам ободонлаштириш, маҳалла инфратузилмаси – йўллар, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Биргина “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йил биринчи мавсумида тумандаги ички йўлларни асфалтлаш бўйича умумий қиймати 9 миллиард 878 миллион сўм бўлган 6 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Ана шу лойиҳалар доирасида буюртмачи ташкилот – “Андижон минтақавий йўллар” давлат унитар корхонаси томонидан Ўқчи, Кўтарма, Қўрғонча, Оқбош, Қушчи, Шаҳристон маҳаллаларининг 24 километр узунликдаги ички кўчалари асфалтланди.
Тумандаги қарийб 4 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган Ўқчи маҳалласи ўтган йили "Оғир маҳалла" тоифасига киритилган эди. Маҳаллани оғир тоифадан чиқариш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилди. Натижада қисқа вақт ичида маҳалла инфратузилмаси тубдан янгиланиб, аҳоли учун янада қулай яшаш муҳити яратилди.


Хусусан, маҳалланинг Катта Ўқчи, Тошлоқ-2, Бозорбоши, Бешкал кўчаларида ҳар бир хонадонга ичимлик суви кириб борди, электр энергияси таъминоти яхшиланди. Белгиланган дастурлар доирасида 6,8 километр ички йўллари асфалтланди. Бир пайтлар чанг-тупроқ ва лой бўлган кўчалар бугун равон йўлларга айланди. Бу каби ўзгаришлардан каттаю кичик беҳад мамнун.
– Юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одинахон Ҳакимова. – Маҳалламиз туманнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар маҳалла аҳлини чексиз қувонтирмоқда.


Маҳалла аҳли ана шу хайрли ишларга бефарқ эмас. Одамлар бир ёқадан бош чиқариб, хонадон, кўча ва гузарларни ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, янги асфалтланган йўлларнинг четларини бетонлаш, йўл ёқаларини тартибга келтириш, ҳудудни янада кўркам ва озода қилиш ишлари маҳалла фаолларининг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Бу эса маҳаллада ҳамжиҳатлик, бирдамликни, шу билан бирга, уларнинг қалбида дахлдорлик ва шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.

Шунингдек, тумандаги Ғафур Ғулом маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу кунларда маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, ҳудуднинг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳамда аҳоли учун қулай ва фаровон турмуш шароитини яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Хусусан, ички йўлларни тартибга келтириш, йўл ёқаларини ободонлаштириш, ариқ-зовурларни тозалаш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш борасида амалий ишларда каттаю кичик фаол қатнашмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар маҳалланинг янада обод, файзли масканга айланишига хизмат қилмоқда
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари