Марғилонда тўқимачилик санъати анъаналари намойиш этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Марғилон шаҳар тарихи музейида “Атлас байрами” VII халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали доирасида “Тўқимачилик санъати: анъаналар мулоқоти” халқаро кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмадан турли халқларнинг асрлар давомида шаклланган тўқимачилик анъаналарини ўзида акс эттирган ноёб ҳунармандчилик намуналари, миллий матолар, безак ва амалий санъат буюмлари ўрин олди. Экспозиция орқали турли ҳудудларга хос тўқимачилик мактаблари, ранг ва нақшлар уйғунлиги, миллий услуб ва қадимий ҳунар анъаналарининг ўзига хос жиҳатлари намоён этилди.
Кўргазма халқаро фестиваль иштирокчиларига турли халқларнинг тўқимачилик санъатидаги муштарак жиҳатлар ва ўзига хос анъаналар билан танишиш, тажриба алмашиш имконини берди.
Шунингдек, “Ўзбекистон ҳунармандчилиги: барҳаёт анъаналар” фотокўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган ҳунармандларнинг меҳнати, маҳорати, ижодий изланишлари ва миллий ҳунармандчилик мактабларининг ўзига хос хусусиятлари фотосуратлар орқали акс эттирилди.
Айниқса, атлас ва адрас тўқиш анъаналари, миллий нақш ва безакларнинг ўзига хослиги, ҳунармандларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маҳорати кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур кўргазмалар миллий ҳунармандчиликнинг бой меросини кенг тарғиб этиш, анъанавий тўқимачилик санъатини асраб-авайлаш ва уни замонавий ижодий ёндашувлар билан уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-31523]
Фестиваль меҳмонлари учун ташкил этилган ушбу маданий тадбирлар Марғилоннинг атлас ва адрас тўқишдаги бой анъаналари, Фарғона водийсининг ҳунармандчилик салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини берди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА