Мақсадларнинг муштараклиги янги ғалабаларни таъминлайди
Ватанимизнинг озодлиги, бунёдкорлиги, бирдамлиги ва янги марралар сари дадил интилишларини ифода этувчи улуғ айём шукуҳи кезиб юрган шу кунларда жойларда бир-биридан тароватли тадбирлар, байрам сайллари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон давлат спорт академияси жамоаси ана шу қутлуғ сана арафасида эришаётган ютуқларимизни, аввало, юртимизда спортга, таълимга ва ёш авлод келажагига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий натижаси сифатида қабул қилади.
Сўнгги йилларда спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган медаллари, янги рекордлар ва муносиб натижалари биз учун катта фахрдир.
Ҳар бир медал ортида давлатимизнинг жисмоний тарбия ва спортга алоҳида эътибори, спортчининг машаққатли меҳнати, мураббийнинг фидойилиги, профессор-ўқитувчиларнинг билим ва тажрибаси, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар мужассам.
Юртимизда спортчиларни фақат мусобақага эмас, ҳаётга тайёрлаш, етук мутахассис бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги спортчи-талаба бир вақтнинг ўзида замонавий билим олиш билан бирга касбий салоҳиятини ошириши ва спорт маҳоратини мунтазам такомиллаштириши учун барча зарур шароитлар яратилган.

Айниқса, “Олимпия шаҳарчаси” ва Ўзбекистон давлат спорт академияси атрофида шаклланаётган замонавий спорт-таълим муҳити бу борада янги имкониятларни очиб бермоқда. Замонавий спорт иншоотлари, машғулот заллари, стадионлар, илмий ёндашув ҳамда таълим жараёнининг спорт амалиёти билан уйғунлиги спортчиларимиз учун сифат жиҳатдан янги тайёргарлик тизимини яратмоқда.
Мамлакатимизда спортчи-талабалар учун таълим ва машғулот жараёнини биргаликда олиб бориш, ўз йўналиши бўйича чуқур билим олиши ва юқори натижаларга эришиш учун зарур имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда.
Ҳеч бир ғалаба тасодифан келмайди. Ҳар бир ютуқ — жамоавий меҳнат, интизом, ишонч ва тизимли фаолиятнинг натижаси ҳисобланади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги бизга яна бир бор шуни англатадики, буюк натижалар буюк имкониятлардан, буюк имкониятлар эса фидокорона меҳнатдан бошланади.
Олдимизда ҳали забт этилмаган марралар, қўлга киритилмаган медаллар ва янгиланиши лозим бўлган жаҳон рекордлари кўп.
Ишончим комилки, ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратиш йўлида машғулотларда, илмий изланишларда фидокорлик кўрсатаётган спортчиларимиз, мураббий ва мутахассислар эртага Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган буюк ғалабаларни таъминлайди
Илҳомжон Турсуналиев,
Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори.