Марказий Осиё экологик дипломатиясида янги босқич
22-24 апрель кунлари Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё минтақавий экологик саммити нафақат соҳага оид масалалар муҳокамаси, балки муаммоларга қарши туриш дипломатиясини кучайтиришга қаратилган аниқ ташаббуслар билан ёдда қолди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Ёш шарқшунос дипломатлар” интеллектуал клуби аъзоси Лазизжон Абдурахимов ЎзАга ёзишича, анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев минтақа учун ўта долзарб таклифларни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида илгари сурди. Хусусан, давлатимиз раҳбари бу вазифаларни кечиктирмасдан, барвақт бартараф этишга қаратилган ёндашув – профилактик дипломатия муҳимлигини таъкидлади.
Саммитда яна бир бор тасдиқландики, иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги ёки Орол бўйи ҳудудидаги инқироз бир давлат доирасида ҳал қилинадиган масала эмас. Трансчегаравий хусусиятга эга мазкур муаммолар бутун Марказий Осиё учун умумий хавф ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик энди ихтиёр эмас, балки заруратга айланмоқда.
Саммит якунида қуйидаги қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди:
– “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини тузиш;
– Иқлим лойиҳалари учун ягона минтақавий инвестиция портфелини шакллантириш;
– “Марказий Осиё Қизил китоби”ни биргаликда ишлаб чиқиш;
– 2027 йил Ўзбекистонда Жаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш.
Бу ғоялар профилактик дипломатиянинг амалий кўриниши сифатида баҳоланмоқда. Яъни, муаммонинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашишга ўтиш кузатилмоқда.
Тадбир натижасига баҳо беришда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Аввал ҳам шунга ўхшаш ташаббуслар билдирилган, фақат етарли даражада амалга оширилмаган. Яъни, бу галги саммитнинг ҳақиқий қиймати қоғозда эмас, балки амалий ҳаракатда намоён бўлади. Агар келишувлар аниқ механизм ва муддат билан мустаҳкамланса, ташаббус албатта натижа беради. Шу маънода Остона саммити Марказий Осиёдаги экология муаммоларига қарши курашни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Эндиги асосий вазифа – мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш.
Экологик таҳдид тезлашиб бораётган бир пайт вақтни бой бериш мумкин эмас. Профилактика дипломатияси эса фақат шиор эмас, балки ҳаракатга айланиши керак.
Мусулмон Зиё, ЎзА