“Искандар Зулқарнайн изидан” халқаро марафони якунланди
Навоий вилояти Нурота тумани марказидаги амфитеатр майдонида “Искандар Зулқарнайн изидан” халқаро марафонининг тантанали ёпилиш маросими ҳамда ғолибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спорт туризмини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва табиий салоҳиятини халқаро миқёсда намойиш этиш мақсадида ташкил этилган марафонда АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Франция, Япония каби давлатлардан келган спорт ва саргузашт ишқибозлари иштирок этди.
Сентоб қишлоғидан старт олган марафон Конимех ва Қўшработ туманлари ҳудудлари орқали давом этди. Иштирокчилар чўл, тоғ ва кенг текисликларда ўз жисмоний имкониятларини синовдан ўтказиб, бетакрор табиат манзараларидан баҳра олди.
Мазкур халқаро марафон кенг географияси билан ажралиб туриб, турли миллат вакилларини бирлаштирди.
– Мен учун бу мамлакатда бўлиш ажойиб тажриба, – дейди Global Limits курс раҳбари Марио Мачадо. – Бу ернинг одамлари жуда меҳмондўст ва самимий. Беш кун давом этган мусобақа юқори савияда ўтди. Унинг ўзига хос жиҳати чекловлар йўқлиги. Биз барча иштирокчиларнинг маррага етиб келишини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Бу ташкилотимизнинг муҳим тамойили. Ҳар бир иштирокчи мусобақани якунига етказиши керак, ҳатто ҳар бир босқич учун 24 соат вақт талаб этилса ҳам. Келгуси йилда янада кўпроқ иштирокчилар билан қайтишни режалаштиряпмиз.
Тадбир доирасида меҳмонлар учун маданий-маърифий дастурлар ташкил этилиб, ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари билан таништирилди.
Марафон Нурота туманида жойлашган Чашма мажмуаси ва ундаги қадимий Нур қалъасида якунланди. Бу жой бевосита Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн) номи билан боғлиқлиги билан аҳамиятлидир.
[gallery-29163]
Мусобақа якунига кўра, ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА