Мангуликка дахлдор умр
Инсониятнинг ўзгармас бир қоидаси бор. Бу балки ҳаёт қонунидир. Яъни, кимнидир йўқотмагунча унинг ўрнини ҳақиқий ҳис этолмаймиз. Айниқса, бир соҳага бутун умрини фидо этган қаҳрамонлар борки, улар бу дунёни тарк этгач, фан устунидан айрилган иморатга ўхшаб қолади. Ўзбекистон Қаҳрамони, йирик адабиётшунос олим ва моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров ҳам ана шундай устунлардан эди.
Унинг ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссаси миллат қаҳрамонларига хос эди. Олимнинг ютуғи шу эдики, илмий асарларида ҳам ўз табиатига хос ҳалимлик, улкан бадиий маҳорат ва кенг илмий идрок намоён эди.
“Ўзбек адабиёти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш лозим бўлса, Иброҳимжондан сўраш керак”, деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов.
Унинг "Гўзалликнинг олмос қирралари" (1964), "Унутилмаган боғ" (1965), "Жозиба" (1970), "Ёнар сўз" (1973), "Ям-яшил дарахт" (1976), "Юрак-аланга" (1980), "Лириканинг юраги" (1982), "Шеърият - изланиш демак" (1984), "Ўттиз йил изҳори" (1987), "Дил эркинлиги" (1998) сингари адабий-танқидий, бадиа китоблари мавжуд. У "Дарвоза", "Ҳумо қушим", "Қалдирғочим" каби шеърий насрлар ёхуд мансуралари билан ҳам эътибор қозонди.
Унинг адабиётимизга қўшган яна бир буюк ҳиссаси борки, таъкидламай иложимиз йўқ. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева олимнинг турмуш ўртоғи эди. Иброҳим Ғафуров ўз фидойилиги ва олижаноблиги билан ана шундай дилбар шоирани турмуш ташвишларидан ортиб муносиб ижод қилишга шароит яратиб берган катта шахс эди.
Шундай умрлар борки, қанчалик узоқ бўлмасин тугаганда киши ўксиб-ўксиб қолади. Иброҳим Ғафуров ҳам салкам 90 йил яшаган бўлса-да, унинг вафоти адабиёт ихлосмандларини, шогирдларини ларзага солди. Адабиётга бўлган эътибор натижаси ўлароқ, давлатимиз раҳбари ҳам олим вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Буларнинг барчаси тинимсиз меҳнат ва машаққат билан қозонилган ҳурматнинг меваси десак, янглишмаймиз. Энди олим ижодий меросини муносиб ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш олдимизда турган муҳим вазифа. Шундагина қулаган устун ўрнига яна шундай йирик устунлар шакллантира оламиз. Зотан, мамлакатимиз раҳбари илгари сураётган Учинчи Ренессанс қуриш мақсади ҳам айни шундай ғояларни ўз ичига олади.
Шербек Исломов,
ЎзА