Глобал тараққиёт архитектураси: Янги Ўзбекистоннинг стратегик ташаббуслари ва ишончли ҳамкорлик модели
Муносабат
Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Геоиқтисодий харита қайта чизилаётган, анъанавий бозорлар ўрнини рақамли технологиялар ва янги логистика занжирлари эгаллаётган бир даврда яшаяпмиз. Мана шундай мураккаб шароитда ўтказилган Петербург халқаро иқтисодий форуми жаҳоннинг навбатдаги энг нуфузли мулоқот майдонидан бирига айланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Санкт-Петербург – нафақат Россиянинг маданий пойтахти, балки ўзбек халқи билан тарихий, маънавий ва инсоний тақдир иплари орқали боғланган қадрдон кенгликдир. Буни тарихнинг энг оғир синовларида халқларимиз бир-бирига елкадош бўлгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Уруш йилларида минглаб ўзбекистонликлар Ленинград мудофаасида жон фидо қилгани, бағрикенг Тошкент эса бир ярим миллиондан ортиқ эвакуация қилинган болалар, аёллар ва кексаларга ўз уйидан жой бериб, меҳр улашгани умумий маънавий маконимизнинг ўчмас саҳифасидир.
Нева бўйида бўлиб ўтган Петербург халқаро иқтисодий форумида нафақат ўтмиш ёдга олинди, балки глобал иқтисодиётнинг эртанги куни муҳокама қилинди. Ҳозир дунё чуқур қайта қуриш жараёнини бошидан кечирмоқда. Хусусан, транспорт йўналишлари шиддат билан ўз йўналишини ўзгартирмоқда. Сунъий интеллект барча соҳаларга кириб бормоқда. Энергетик, озиқ-овқат ва рақамли хавфсизлик тушунчалари тубдан янгиланмоқда. Мана шундай беқарорлик шароитида ўз атрофида кооперация, барқарорлик ва ўзаро манфаатдорлик муҳитини ярата оладиган давлатларнинг қадри ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлмоқда.

Бизга энди нафақат оддий йўллар ёки қувурлар, балки рақамли, тўлов ва ишлаб чиқариш тизимлари интеграциялашган сифат жиҳатидан янги боғлиқлик керак. Чунки кучли, бирлашган ва очиқ Марказий Осиё барча халқаро шерикларнинг стратегик манфаатларига хизмат қилади.
Жумладан, Ўзбекистон учун Россия шунчаки қўшни эмас, у вақт синовидан ўтган стратегик шерик ва иттифоқчидир. Бугунги кунда икки давлат муносабатлари мутлақо янги босқичга чиқди. Биз оддий савдо-сотиқ босқичидан ўтиб, мураккаб саноат занжирлари ва технологик альянслар тузиш йўлига ўтдик.
Рақамлар тили билан айтганда, сўнгги 10 йилда ўзаро товар айланмаси 3 баробардан зиёд ўсиб, 13 миллиард долларга етди. Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 50 миллиард доллардан ошди. Ҳудудлараро лойиҳалар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этмоқда ва яна шунча ҳажмдаги янги инвестициялар пакети тайёрланмоқда. Москва, Санкт-Петербург, Татаристон, Бошқирдистон каби Россия ҳудудлари билан энергетика, машинасозлик, кимё ва тўқимачилик соҳаларида ўнлаб қўшма саноат парклари ва вагонсозлик кластерлари муваффақиятли ишлаб турибди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик стратегик мақсадларга қаратилган. Жумладан, Ўзбекистонда Россия иштирокида биринчи гибрид атом электр станцияси (АЭС) қурилишига пойдевор қўйилди. Бу лойиҳа мамлакатимиз учун янги миллий муҳандислик мактабини яратиш ва энг илғор технологияларни ўзлаштириш демакдир. Бундан ташқари, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва илм-фанда ҳам тинчлик атомидан биргаликда фойдаланилади.
Қолаверса, бугунги замон икки томонлама алоқалар доирасидан чиқиб, кенгроқ маконларда кооперация қилишни талаб этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон томонидан “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш ғояси илгари сурилди. Бу – ягона рақамли платформа билан бирлаштирилган ишлаб чиқариш ва технологик кластерлар тизимидир. У кадрлар тайёрлашдан тортиб, маҳсулотни маҳаллийлаштириш ва ташқи бозорларга чиқишгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олади.
Бугунги кунда инфратузилма деганда фақат қувур ёки йўллар эмас, балки рақамли платформалар тушунилади. Россия маркетплейслари ва рақамли сервислари орқали ўзбек маҳсулотлари савдоси ҳажми сўнгги йилларда 3,5 баробар ўсиб, 1,5 миллиард доллардан ошди. Эндиги қадам қўшма Рақамли экотизимни яратишдир. Бу тизим рақамли савдони тартибга солиш, брендларни биргаликда илгари суриш ва сунъий интеллект асосида янги хизматларни жорий этишни ўз ичига олади.
Ҳар қандай иқтисодий ислоҳотнинг марказида инсон ва унинг бахти туриши керак. Ўзбекистон дунёдаги энг ёш мамлакатлардан бири, аҳолининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Бу биз учун улкан ривожланиш қуввати ва келажак демакдир. Ёшларга нафақат билим беришимиз, балки уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратишимиз зарур. Ҳозирда Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг 15 та филиали фаолият юритмоқда ва бу Россиянинг хориждаги энг йирик университетлар тармоғидир. Тошкент ва Олмалиқда илк қўшма муҳандислик мактаблари очилди.
Чекка ҳудудлардаги ёшларга ҳам дунё даражасидаги билимларни етказиш учун Инсон капиталини ривожлантириш қўшма онлайн-платформасини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Бу тизим таълим дастурлари, IT-курслар ва ёш тадбиркорларни тўғридан-тўғри иш берувчилар билан боғлайдиган рақамли кўприк бўлади. Бу бизнес учун тайёр кадрлар базаси, икки давлат учун эса инсон омилига тикилган энг олий сармоядир.
Бизнинг навбатдаги маррамиз – “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқтисодиёт ҳажмини яна бир ярим баробарга ошириб, 240 миллиард доллардан кўпроққа етказишдир. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар қисқа муддатларда ўз натижасини бермоқда. Хусусан, мамлакатимиз жорий йилнинг ўзида Иқтисодий эркинлик индексида 14 поғона юқорилади. Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг акциялари илк бор халқаро савдога чиқди. Энг илғор стандартлар асосида ишлайдиган, инвесторларга солиқ имтиёзлари ва тўлақонли ҳуқуқий кафолат берадиган Тошкент халқаро молия маркази ўз фаолиятини бошлади.
16-18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми жаҳон бизнеси учун Янги Ўзбекистон имкониятларини ўз кўзи билан кўриш учун энг зўр имкониятдир.
Умуман олганда, халқаро майдонда олиб борилаётган очиқ ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот барқарорликнинг ягона кафолатидир. Сабаби, ишонч ва ҳамкорлик бор жойда доимо янги имкониятлар туғилади. Ўзбекистон ва Россия шериклиги мана шундай самарали иқтисодий модель сифатида дунёга намуна бўла олади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА