Қурилишда муаммолар ортмоқда: Рақобат қўмитаси фуқароларни огоҳлантирди
Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар бўйича мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Агар 2025 йилда бу борада 1 706 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ уларнинг сони қарийб 1 000 тага етган.
Мурожаатларда асосан қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши, уй-жойларни ўз вақтида топширмаслик, шартнома шартларига риоя этмаслик, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундириш ҳамда рекламада берилган ваъдаларнинг бажарилмаслиги каби ҳолатлар қайд этилмоқда.
Қўмита фуқароларга уй-жой сотиб олишда шартнома шартларини диққат билан ўрганиш, қурувчининг қонуний мақоми ва ҳуқуқларини текшириш, шунингдек, тўловларни белгиланган тартибда, жумладан эскроу ҳисобварағи орқали амалга оширишни тавсия қилди.
Шу билан бирга, қурувчи ташкилотларга истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, қурилиш муддатларини ҳаққоний белгилаш ва қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш бўйича огоҳлантириш берилди.
Қўмита қонун талаблари бузилган тақдирда тегишли таъсир чоралари қўлланилишини маълум қилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА