Маъмурий йўл билан ушлаб туришда 48 соатлик конституциявий кафолат нимани англатади?
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди инсоннинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига оид муҳим конституциявий масала юзасидан қарор қабул қилди. Мазкур қарор инсоннинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини таъминлашда Конституция устуворлигининг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этди.
Конституциявий суд ҳузуридаги илмий маслаҳат кенгаши раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Конституциявий суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 288-моддаси иккинчи қисмидаги ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда шахсни ушлаш пайтидан бошлаб йигирма тўрт соат ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилиб, уч суткагача, ҳуқуқбузарда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган тақдирда эса прокурорнинг санкцияси билан ўн суткагача муддатга ушлаб туриш мумкинлиги ҳақидаги қоидаларни Конституцияга мувофиқ эмас, деб топди.
Бу билан Конституциянинг 27-моддасида белгиланган шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги кафолатнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар соҳасида ҳам таъминланиши масаласига ҳуқуқий аниқлик киритилди.
Конституциявий суднинг мазкур қарори инсон эркинлигини чеклаш билан боғлиқ маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни Конституция талаблари асосида қайта кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асосларини янада аниқлаштирди.
Аввало, Конституциядаги 48 соатлик қоиданинг мазмунини тўғри англаш зарур. У давлат органига шахсни ҳар қандай ҳолатда 48 соат ушлаб туриш ҳуқуқини бермайди. Аксинча, бу – суд қарорисиз шахс эркинлигини чеклаш мумкин бўлган энг юқори конституциявий чегара.
Демак, шахсни ушлаб туришга бўлган эҳтиёж икки, уч ёки ўн соатдан кейин барҳам топса, уни 48 соат тўлгунга қадар ушлаб туриш мумкин эмас. Эркинликни чеклаш ҳар бир ҳолатда қонуний мақсад, зарурат ва мутаносиблик талабларига жавоб бериши лозим.
Шу маънода, 48 соат – давлат органи учун имтиёз эмас, балки инсон эркинлигини ҳимоя қилувчи конституциявий чегарадир. Бу чегаранинг аҳамияти Конституциявий суднинг қарорида яққол намоён бўлди.
Амалиётда баъзан 48 соатлик талаб асосан жиноят процессидаги ушлаб туришга тааллуқли, деган қараш учраши мумкин. Бироқ, масалага инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашилганда, шахс жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланганми ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик муносабати билан ушлаб турилганми, ҳар икки ҳолатда ҳам у муайян вақт давомида ўз хоҳиши билан ҳаракатланиш ва кетиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Бошқача айтганда, ҳуқуқий тартиб-таомиллар турлича бўлиши мумкин, аммо чекланаётган асосий конституциявий ҳуқуқ битта – инсоннинг эркинлик ҳуқуқидир.
Шунинг учун Конституциядаги кафолатларнинг амал қилиш доирасини фақат ҳуқуқбузарликнинг турига қараб эмас, балки инсон эркинлиги амалда чекланган ёки чекланмаганига қараб баҳолаш муҳим.
Конституциянинг 15 - моддасига мувофиқ, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Демак, қонун ҳужжатлари Конституцияга мувофиқ бўлиши, уларни қўллаш эса конституциявий нормалар ва принциплар асосида амалга оширилиши лозим.
Конституциявий суд қарорининг муҳим жиҳати шундаки, инсон эркинлигини чеклаш билан боғлиқ маъмурий нормалар ҳам Конституцияда белгиланган олий ҳуқуқий кафолатлар доирасида бўлиши шартлиги мустаҳкамланди.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати — прокурор санкциясининг ҳуқуқий табиати. Прокуратура қонунийликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бироқ, прокурор назорати билан суд назорати бир хил ҳуқуқий институт эмас.
Инсонни 48 соатдан ортиқ эркинлигидан маҳрум қилиш масаласида Конституция айнан суд қарорини талаб қилади.
Суднинг аҳамияти унинг мустақил ва холис ҳуқуқий назоратни амалга оширишида. Суд шахсни ушлаб туриш учун қонуний асос мавжудлигини, бундай чора ҳақиқатан зарурлигини ва унинг инсон ҳуқуқларига нисбатан мутаносиблигини баҳолаш имконига эга.
Шу сабабли прокурор санкцияси, унинг қонунийликни таъминлашдаги аҳамиятидан қатъи назар, Конституция талаб қилаётган суд қарорининг ўрнини боса олмайди.
Бу борада 48 соатлик муддат қачондан ҳисобланиши керак, деган савол туғилади. Бу шахс ҳақида баённома тузилган, у ички ишлар ёки бошқа ваколатли орган биносига олиб келинган вақтдан эмас, балки у амалда эркин ҳаракат қилиш имкониятидан маҳрум этилган пайтдан бошлаб ҳисобланиши лозим. Акс ҳолда, шахсни дастлаб амалда ушлаб туриб, кейинроқ процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш орқали конституциявий муддатнинг бошланишини сунъий равишда кечиктириш хавфи пайдо бўлади.
Инсон эркинлиги ҳақида гап кетганда, расмий ҳужжатдаги вақтдан кўра шахснинг эркинлиги амалда қачон чеклангани ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши керак.
Шунинг учун ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушлаб туришнинг ҳақиқий бошланиш пайтини аниқ қайд этиш инсон ҳуқуқларининг муҳим процессуал кафолатларидан бири бўлиши лозим.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмаслиги унинг кимлигини аниқлашни қийинлаштириши табиий. Айниқса, давлат чегараси хавфсизлигини таъминлашда шахсни аниқ идентификация қилиш жиддий амалий аҳамият касб этади.
Бироқ, маъмурий ёки ташкилий қийинчиликнинг ўзи инсоннинг конституциявий ҳуқуқини узоқ муддат чеклашга ўз-ўзидан асос бўла олмайди.
Қолаверса, замонавий ахборот тизимлари, биометрик маълумотлар, идоралараро ахборот алмашинуви ва бошқа воситалар шахсни аниқлаш жараёнини тезлаштириш имконини бермоқда.
Шу боис давлат бошқарувидаги ташкилий муаммоларни инсон эркинлигини узоқроқ чеклаш ҳисобига ҳал этиш эмас, балки давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш орқали бартараф этиш мақсадга мувофиқ.
Бу жараён қонун ижодкорлари олдига ҳам муайян вазифаларни қўяди. Энг аввало, маъмурий йўл билан ушлаб туришга оид қонунчилик нормаларини янги таҳрирдаги Конституциянинг 27-моддасида белгиланган кафолатлар билан тизимли равишда уйғунлаштириш зарур.
Ҳуқуқий давлатда давлат органларининг ваколати инсон ҳуқуқларига дахл қилган жойда Конституция билан белгиланган ҳуқуқий чегаралар билан уйғунлашиши керак. Конституциявий суднинг қарори ҳам айнан шу принципнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Зеро, ҳуқуқий давлатнинг кучи инсонни қанча вақт ушлаб тура олиши билан эмас, балки унинг эркинлигини қанчалик ишончли ҳимоя қила олиши билан ўлчанади.
Н.Абдураимова, ЎзА