Маъмурий қонунчилик давлат ва инсон ўртасидаги адолат кўзгуси
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги концепцияси лойиҳаси шу нуқтаи назарга асосан такомиллаштирилмоқда.
Бош прокуратурада “Маъмурий жавобгарлик соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти: мавжуд муаммолар ва қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мавзусида ўтказилган илмий-амалий семинарда шу жиҳатга эътибор қаратилди.
Тадбирда давлат органлари вакиллари, соҳа олимлари, экспертлар ҳамда амалиётчи ҳуқуқшунослар иштирокида Президентнинг 2026 йил 7 майдаги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс концепцияси лойиҳаси атрофлича таҳлил қилинди.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги концепцияси лойиҳаси, маъмурий қонунчилик ислоҳотининг стратегик устувор йўналишларига тўхталиб ўтди.

А.Эшмуродов маъмурий қонунчилик давлат ва инсон ўртасидаги адолат кўзгуси экани, янги кодекснинг сифати моддалар сони билан эмас, балки фуқаролар ҳуқуқлари қанчалик ишончли ҳимоя қилиниши ва ҳуқуқни қўллайдиган органлар учун аниқ, бир хил қоидаларни белгилаб бериши билан белгиланиши алоҳида таъкидлади.
Маъмурий жавобгарликнинг асосий вазифаси – фақат жазолаш эмас, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қонунийликни ва жамоат манфаатлари билан шахс ҳуқуқлари ўртасида адолатли мувозанатни таъминлашдан иборат.
Муҳокама якунида иштирокчилар янги кодекс концепциясини такомиллаштириш бўйича учта асосий мезонга – аниқ қоида, мутаносиб жавобгарлик ва самарали ҳимоя тизимига таяниш лозим, деган хулосага келди.
Семинарда билдирилган таклифлар янги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда эътиборга олиниши қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА