Мактабга тайёрлов умумий ўрта таълим тизимига киритилади
Мактабга бир йиллик мажбурий тайёрловни умумий ўрта таълим тизимига киритиш, уни мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида ташкил этиш, болаларнинг мазкур тайёрловдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаш белгиланмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
– “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида мажбурий бир йиллик мактабгача таълим тизими жорий этилган, – деди Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаева. – Ҳозирда болаларни ушбу тизим билан тўлиқ қамраб олиш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда. Шу боис, мазкур жараёнларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.
Ривожланган давлатлар тажрибасига кўра, қатор мамлакатларда болалар 5–6 ёшдан бошлаб умумий ўрта таълимга жалб этилади. Ушбу ҳужжат бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилашни назарда тутади. Бу орқали таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсад қилинган.
Бугун 6 ёшли болалар қамрови 90 фоиздан 98 фоизга етказилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан 2027 йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу мақсадга эришиш учун ҳуқуқий асос бўлади, – деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, педагоглар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш вазифалари борасида тизим битта қилинганлиги боис бу йилги битирувчиларнинг ҳам ҳисоб-китоблари олингани, кейинчалик ўқитиладиган дастурларни ҳам такомиллаштириш ишлари бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, мажбурий тайёрлов бепул ташкил этилиши, ота-оналарнинг масъулияти оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА