Депутат сўровига мансабдор эмас, ўринбосар ва қуйи бўғин раҳбарлари жавоб бераётган ҳолатлар бор
Давлат органларининг айрим мансабдор шахслари томонидан депутат ва сенатор сўровларини кўриб чиқиш муддатларига риоя этмаслик, уларни жавобсиз қолдириш ёки тегишли талабларни бузиш ҳолатлари учрамоқда.
Маълумотларга кўра, 160 та депутат сўровларининг 96 тасига, яъни 60 фоизига белгиланган муддатда жавоб берилган, 64 тасига эса кечиктирилган муддатда жавоб қайтарилган. Мансабдор шахсларга юборилган депутатлик сўровларининг 95 тасига ўринбосарлар томонидан, 9 тасига қуйи бўғин раҳбарлари томонидан жавоб берилган.
2026 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 53 та депутат сўрови юборилган бўлиб, 31 тасига белгиланган муддатда, 21 тасига кечиктирилиб жавоб берилган, биттасига белгиланган муддат ўтган бўлса-да, жавоб берилмаган.
Шулардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, депутат ёки сенатор сўровини кўриб чиқишнинг қонунчиликда белгиланган муддатлари ёхуд бошқа талаблари давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан бузилганлиги аниқланган тақдирда, Олий Мажлис палаталарининг Девонларига айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун судга мурожаат қилиш ёки айбдор шахсларга чора кўриш бўйича Бош прокуратурага тақдимнома киритиш амалиётини жорий этиш белгиланмоқда.
Шунингдек, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Яъни, Маъмурий жавобгарлик кодексининг 193-моддаси 2-қисм билан тўлдирилиб, унга мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда, жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 15 бараваригача белгилаш таклиф этилмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу тартиблар мансабдор шахсларнинг депутат ва сенатор сўровларига масъулият билан ёндашишини таъминлаш, депутат ва сенатор сўрови институтининг таъсирчанлигини ошириш, сўровларнинг ўз вақтида ва қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилиши устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА