Маҳаллий кимё маҳсулотлари улушини ошириш вақти келди
Жорий йилнинг 2 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда тармоқда қўшилган қийматни ошириш, энергия тежамкорлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Рақобат қўмитаси томонидан кимё саноатининг турли йўналишлари бўйича кенг қамровли таҳлиллар ўтказилди. Ўрганишлар давомида ички бозордаги талаб ва таклиф мувозанати, ишлаб чиқариш қувватлари, рақобат муҳити ҳамда инвестиция имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кимё саноатида ишлаб чиқариш ҳажмлари изчил ўсиб бораётган бўлса-да, юқори қўшимча қийматга эга айрим маҳсулотларга бўлган эҳтиёжнинг катта қисми ҳануз импорт ҳисобига қопланмоқда. Айниқса, фармацевтика, косметика, органик кимёвий бирикмалар, полимер ва махсус кимёвий маҳсулотларга талаб юқори.
Бу эса маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги қувватларни ишга тушириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини оширишни долзарб вазифага айлантирмоқда. Бу борада “Maxam-Chirchiq”, “Navoiyazot”, “Dehqonobod kaliy zavodi”, “Ammofos Maxam”, “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” ҳамда “Farg‘onaazot” каби йирик корхоналарнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассисларнинг фикрича, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш нафақат ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА