Маҳаллий кенгашларнинг маҳалла билан ҳамкорлиги мустаҳкамланади
Маҳалла – аҳоли билан давлат ўртасидаги энг муҳим кўприк вазифасини бажариб, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, “маҳалла еттилиги” механизми жорий этилгани маҳаллаларда муаммоларни комплекс ёндашув асосида ҳал қилиш имкониятларини кенгайтирди.
Сенатда ташкил этилган “Маҳалла – ислоҳотлар марказида: маҳаллий вакиллик органлари ва “маҳалла еттилиги”нинг ҳамжиҳат фаолияти” мавзусида давра суҳбатида шу ҳақда гап борди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда маҳалла институтини янада ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда маҳаллий кенгашлар ҳамда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни ва аҳамияти хусусида фикр юритилди.

Мулоқот давомида маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди
Давра суҳбати якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида маҳалла фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва жамоат институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА