Қурилиш назорати учун замонавий марказ
Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар органлари вакиллари, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъуллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги бинонинг фойдаланишга топширилиши қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги назорат ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, соҳада қонунийликни таъминлаш, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан шаффоф ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган бино барча зарур талабларга мувофиқ жиҳозланган. Унда ходимлар учун қулай меҳнат шароити, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган хизмат хоналари ҳамда фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида заллар ташкил этилган.

Маросим доирасида рамзий тасма кесилиб, янги бино расман фойдаланишга топширилди.
Меҳмонлар бинода яратилган шароитлар билан танишар экан, рақамлаштириш жараёнлари доирасида ташкил этилган онлайн кузатув маркази фаолияти ҳам тақдим этилди. Ушбу марказ орқали қурилиш объектларини реал вақт режимида кузатиш, инспекторлар томонидан махсус камералар орқали узатилаётган тасвирларни марказлаштирилган тарзда мониторинг қилиш имконияти яратилган.

Қайд этилганидек, замонавий ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши назорат тадбирларининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш соҳасида қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.
А.Мусаев, ЎзА