Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш йўлида
Фарғона вилоятининг турли ҳудудларидан келган 150 дан ортиқ хотин-қизлар ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан IT-Park Uzbekistan билан ҳамкорликда ташкил этилган IT-кўникмалар ва рақамли маркетинг бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тамомладилар.
Мазкур дастур орқали иштирокчилар даромадларини ошириш, бизнесни ривожлантириш ва масофадан туриб онлайн ишлаш учун зарур бўлган амалий рақамли кўникмаларни ўзлаштирдилар.
Махсус сертификатларни топшириш маросимида сўзга чиққан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен иштирокчиларни эришган ютуқлари билан табриклаб, хотин-қизларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлади.
– Бугун биз шунчаки ўқув курси якунланганини эмас, балки аёлларнинг ҳаётида янги даврни бошлаб берадиган муҳим ўзгаришни нишонлаяпмиз. Энди улар ўзлари, оилалари ва жамият учун муносиб иқтисодий келажакни мустақил барпо этишга қодир. Уларнинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлидаги қатъияти ва янги билимларни эгаллашга бўлган интилиши бизни қувонтиради ва биз уларни бу йўлда қўллаб-қувватлаймиз, – деди Антти Карттунен.
Дастур хотин-қизлар, айниқса, чекка туман ва қишлоқ ҳудудларида яшовчи аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, иштирокчилар рақамли маркетинг асослари, бизнесни интернетда тарғиб қилиш, электрон тижорат воситалари ҳамда иш ва тадбиркорлик фаолиятида қўллаш учун зарур бўлган муҳим рақамли кўникмаларни ўзлаштирдилар.

– Дастурда иштирок этишдан олдин маданият ва туризм соҳасидаги лойиҳа устида ишлаётган эдим. Тренинг орқали уни интернетда тарғиб қилиш, онлайн аудиторияни яхшироқ тушуниш ва янада жозибали визуал контент яратиш учун амалий воситалардан фойдаланишни ўзлаштирдим. Энг муҳими, энди ўз ғояларимни ҳаётга татбиқ этишда ижодий ёндашиб, технологиялардан самарали фойдаланяпман, – деди тренингда иштирок этган Дилдора Алиева.
Ушбу ўқув курслари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олган кенг кўламли ташаббуснинг бир қисми ҳисобланади. Бугунги кунга қадар дастур доирасида 1000 га яқин хотин-қизлар амалий кўникмаларига эга бўлдилар. Аёлларнинг иқтисодий тенглигини қўллаб-қувватлаш ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Рақамли саводхонликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятини яратиш орқали ЕХҲТ хотин-қизларга рақамли технологиялар асрида зарур бўлган амалий кўникмаларни эгаллашда кўмаклашмоқда.
ЎзА