Маҳаллий кенгашларга қўшимча ваколатлар берилди
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 16 ноябрда “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти кафолатларини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармон билан маҳаллий кенгашларда эшитиладиган ҳисоботлар рўйхати ва уларнинг муддатлари тасдиқланди. Эндиликда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўз ҳисоботи (ахбороти)ни белгиланган муддатда маҳаллий Кенгашга шахсан тақдим этади. Шунингдек, ҳар чоракда бир марта Кенгаш сессиясида кун тартибидаги биринчи масала сифатида, қоида тариқасида, ҳоким ва унинг ўринбосарлари иштирокида сайлов округларидаги муаммолар аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб муҳокама қилинади.
2028 йил учун маҳаллий бюджет лойиҳасини шакллантиришда бюджет харажатларининг 3 фоиздан 5 фоизгача қисми ҳудуд тоифасидан келиб чиқиб, бевосита депутатлар ташаббуси асосида йўналтирилади. Депутатларнинг бюджет ташаббуслари келгуси йил учун бюджет сўровини шакллантириш муддатидан камида 1 ой олдин ишлаб чиқилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар лойиҳалари юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. 2027 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий Кенгашлари сессияларида фуқароларнинг кузатувчи сифатида (сессия ишига аралашиш ҳуқуқисиз) иштирок этиш амалиёти жорий этилади.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгаш депутатининг тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқи унинг даражасидан (вилоят, туман, шаҳар) келиб чиқиб амал қилиши белгиланди. Маҳаллий кенгашларга ўз қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган ёки белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этмаган мансабдор шахсларни эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топиш ёхуд уларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи органга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ваколати берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА