Бирдамлик ва ватанпарварлик тимсоли
Ватанни севиш, унинг тинчлиги ва равнақига дахлдорлик ҳисси, миллий қадриятлар ва давлат рамзларига ҳурмат туйғуси ҳар бир инсоннинг қалбида мужассам бўлиши муҳим. Зеро, халқни бир мақсад, бир эзгу ғоя атрофида бирлаштирадиган маънавий кучлардан бири ҳам миллий рамзларимизга бўлган юксак эҳтиромдир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган ватанпарварлик, миллий ғурур ва умуммиллий бирдамлик ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилган “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги байроқ эстафетаси айни шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида Бухоро вилояти фаоллари, маънавият тарғиботчилари, спортчилар, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар Хоразм вилояти вакилларидан муқаддас Давлат байроғимизни рамзий эстафета сифатида қабул қилиб олди. Шундан сўнг Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг миллий ғурури, ор-номуси ва бирдамлиги тимсоли бўлган байроғимиз вилоят шаҳар ва туманлари бўйлаб тантанали равишда олиб ўтилди.


Эътиборлиси, бу жараён оддий рамзий тадбир доирасидан анча кенг маъно касб этмоқда. Унда турли авлод вакиллари, айниқса, ёшларнинг фаол иштирок этиши давлат рамзларига ҳурматни кучайтириш, миллий ўзликни англаш ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, байроққа эҳтиром — бу, аввало, унинг тимсолида мужассам бўлган мустақиллик, тинчлик ва халқ бирлигига садоқат ифодасидир.
Эстафетанинг Бухородаги босқичида вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Одилов байроқдор сифатида иштирок этди. У Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими масъуллари билан биргаликда рамзий байроқни тантанали равишда Навоий вилояти вакилларига топширди.
Шу тариқа, бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга узатилаётган байроқ билан бирга эзгу ғоялар, ватанпарварлик руҳи ва умумий мақсад сари интилиш туйғуси ҳам давом этмоқда. Бу эса ҳудудлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида миллий ифтихор ва фуқаролик масъулиятини юксалтиришга хизмат қилади.


Зеро, Давлат байроғи шунчаки мато ёки расмий рамз эмас. Унда халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, озодлик ва мустақиллик ғояси, бугунги осойишта ҳаётимиз ҳамда ёруғ келажакка бўлган ишонч мужассам. Уни эъзозлаш эса Ватанни, унинг тарихини, бугуни ва келажагини қадрлаш демакдир.
“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги эстафета ҳам ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этиб, барчамизни ягона Ватан равнақи йўлида бирлашишга чорламоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири