Маҳаллий кенгашларда депутатлик назорати самарадорлиги оширилади
Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирокида амалий семинар ўтказилди.
Унда депутат сўрови институтидан самарали фойдаланиш, аҳоли мурожаатларини ҳал этишда маҳаллий кенгашлар ролини ошириш ҳамда масъул раҳбарларнинг ҳисобдорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда депутат сўровларининг мазмуни ва сифати, уларга ўз вақтида жавоб бериш, сўровлар натижаларини кенгаш сессияларида кўриб чиқиш амалиёти таҳлил қилинди.
Депутат сўровлари маиший масалаларни ҳал этишдан кўра ҳудудлардаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва масъул идоралар фаолияти устидан таъсирчан назоратни таъминлашга йўналтирилиши зарурлиги таъкидланди.
Халқ қабулхоналари ахборотлари, ҳокимлар ва ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда депутатлик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муаммоларни дастлаб доимий комиссияларда чуқур ўрганиш, уларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш ҳамда ҳар бир вазифа бўйича масъуллар ва аниқ муддатларни белгилаш муҳимлиги қайд этилди.
Семинар якунида маҳаллий кенгашлар ва котибиятлар фаолиятини такомиллаштириш, депутатлик назоратининг таъсирчанлигини ошириш ва аҳоли мурожаатларини ҳал этишда амалий натижадорликни таъминлаш бўйича тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА