Ёш киноижодкорлар ва истеъдодли актёрлар тақдирланди
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Хусусан, миллий кинога янги нафас, замонавий қарашлар ва ўзига хос маҳорат олиб кираётган ёш киноижодкорлар ҳамда истеъдодли актёрларнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтимиз маданий ҳаётида ёрқин из қолдираётган, ўз ижоди билан томошабинлар қалбидан жой олаётган бир гуруҳ умидли ёш ижодкорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланган режиссёрлар Муниса Магаметибрагимова ҳамда Мария Мусаковага давлат мукофотларини тантанали равишда топширди. Мазкур юксак эътироф ёш ижодкорларнинг миллий кинематография ривожига қўшаётган ҳиссаси, ижодий изланишлари ва эришаётган ютуқларига берилган муносиб баҳодир.

Шунингдек, тадбирда «Чемпион» бадиий фильми, «Ўғилой» ҳамда «Серсавол» фильмларида бош ролларни ижро этган истеъдодли актёрлар ҳам эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирлаш маросимида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда миллий кино санъатини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Г.Бобоева,
ЎзА