Бугун – Бутунжаҳон инсультга қарши курашиш куни
Бугунги кунда инсульт касаллиги дунё аҳолиси ўртасида энг кўп ногиронликка ва ўлимга олиб келувчи хавфли касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис, унга қарши курашиш, жамиятнинг эътиборини ушбу муаммога қаратиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Бу касалликнинг хавфлилиги шундаки, у кутилмаганда тўсатдан содир бўлади. Ҳар қандай ёшдаги инсонда учраши мумкин бўлган бу хасталик, айниқса, меҳнат ёшидаги аҳоли ўртасида кўпайиб бораётгани билан янада хавфлидир. Инсультга учраган инсонларнинг салмоқли қисми қисман ёки тўлиқ ҳаракат имкониятини йўқотади, ўзгалар парваришига муҳтож бўлиб қолади. Шу сабабли, инсульт билан курашиш шифокорларнинг, шунингдек, бутун жамиятнинг, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг умумий вазифасига айланиши керак.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши – инсульт икки асосий турга бўлинади: исхемик (қон томирнинг тиқилиши ёки қон келмаслиги) ва геморрагик (қон томирнинг ёрилиши ва мияга қон қуйилиши). Иккала ҳолат ҳам мия тўқималарининг тириклигини таъминловчи кислород ва озуқа моддаларидан маҳрум бўлишига олиб келади. Натижада ҳужайралар биринчи сониялардаёқ нобуд бўла бошлайди. Касалликни келтириб чиқарувчи асосий омиллар қаторига артериал гипертония (қон босимининг сурункали юқори бўлиши — инсульт хавфининг 70 фоиздан ортиғи айнан шу омил билан боғлиқ), қандли диабет, юрак ритмининг бузилишлари, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик, чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳамда доимий стресс киради.
– Инсульт вақтида сониялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тиббиётда «олтин соат» (айниқса илк 3-4,5 соат) тушунчаси мавжуд бўлиб, агар шу вақт мобайнида беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиб, тромболизис ёки тромбоэкстракция каби махсус муолажалар бажарилса, мия ҳужайраларининг қайта тикланиш эҳтимоли кескин ошади, – дейди шифокор-невролог Жамшид Саидов. – Инсульт аломатларини ўз вақтида таниб олишда FAST усули (юзнинг қийшайиши, қўлнинг кучсизлиги, нутқнинг бузилиши ва дарҳол вақт йўқотмасдан тез ёрдам чақириш) муҳим ҳисобланади. Беморга биринчи ёрдам кўрсатишда уни тинчлантириб, нафас олишини яхшилаш зарур, аммо шифокор рухсатисиз ҳеч қандай дори, айниқса, қон босимини кескин туширувчи воситаларни бериш қатъиян ман этилади.
Жаҳон тиббиётида сўнгги йилларда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни соҳага интеграция қилиш, шунингдек, эндоваскуляр жароҳатлар ва юқори технологик муолажаларни такомиллаштириш орқали мия қон томирларини даволашда улкан ютуқларга эришилмоқда. Мамлакатимизда ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жорий йил қабул қилинган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш Миллий дастури доирасида республика бўйлаб ихтисослаштирилган шок палаталари, нейрореанимация бўлимлари ва замонавий қон-томир марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб юртимиз умумтаълим мактабларида жорий этилаётган «FAST — superqahramonlar» халқаро таълим дастури орқали ўқувчилар инсульт белгиларини ўрганади.
Шу билан бирга, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни янада ошириш ва профилактика чораларини кучайтириш талаб этилади. Шифокорлар таъкидлаётганидек, қон босимини мунтазам назорат қилиш, жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, ёмон одатлардан воз кечиш ва йиллик профилактик кўриклардан ўз вақтида ўтиш инсультнинг олдини олишда энг ишончли воситадир. Унутмайлик, соғлом турмуш тарзи ва ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона кафолатидир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА