Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида янги босқич: очиқлик, ҳисобдорлик ва таъсирчан депутатлик назорати
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида давлат бошқарувини халққа янада яқинлаштириш, жойлардаги вакиллик органларининг нуфузи ва масъулиятини ошириш устувор йўналишлардан бирига айланди.
Хусусан, янгиланган Конституциямизга мувофиқ ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги ваколатлари бекор қилиниб, алоҳида Кенгаш раиси институтининг жорий этилиши маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши ҳамда ўзаро тийиб туриш тизимини амалда қарор топтиришда муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги
ПФ-98-сон Фармони билан тасдиқланган Концепция асосида ижро ҳокимияти фаолияти устидан маҳаллий Кенгашларнинг таъсирчан назорати мустаҳкамланди, уларнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ваколатлари янада кенгайди. 2026 йилнинг 1 январидан эътиборан мамлакатимиздаги 208 та туман ва шаҳарда ҳоким ҳамда Кенгаш раиси лавозимларининг тўлиқ ажратилиши эса вакиллик органлари фаолиятини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Ушбу ўзгаришларни амалиётга самарали татбиқ этиш мақсадида 2026 йил январь ойида Олий Мажлис Сенатида туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда Кенгаш раислари учун ўқув-амалий семинарлари ташкил этилди. Унда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимидаги ислоҳотлар моҳияти, Кенгаш ва ҳоким ваколатларининг чегаралари, Кенгаш регламенти ҳамда амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Мазкур ўқув машғулотлари натижасида 2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Кенгашлар ва депутатлар фаолиятида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Очиқлик ва ошкоралик — жамоатчилик ишончининг мустаҳкам пойдевори
Сўнгги ойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасида туб бурилиш юз берди. Президентимизнинг ПФ-98-сон Фармони билан тасдиқланган Концепция ва “Йўл харитаси”нинг
22-банди ижроси доирасида сессияларни “E-kengash” платформаси, YouTube видеохостинги, Facebook ижтимоий тармоқлари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирга узатиш амалиёти тўлиқ йўлга қўйилди. Натижада фуқаролар долзарб ҳудудий масалалар муҳокамасини бевосита кузатиш ва депутатларнинг позицияси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар, сессиялар эса чинакам очиқ мунозара майдонига айланди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2026 йил бошида (январь ойида) республика бўйича сессияларни жонли эфирга узатиш кўрсаткичи ўртача 18 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойига келиб бу кўрсаткич 96 фоизга етди. Бу борада, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари Кенгашлари алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Кенгашлар ва доимий комиссияларнинг қарорларини “E-kengash” ягона электрон платформасига ўз вақтида киритиш ва очиқ эълон қилиш амалиёти ҳам мустаҳкамланди. Илгари айрим ҳолларда кузатилган “ёпиқ” қарорлар қабул қилиш ҳолатлари изчил қисқариб бормоқда. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи чорагида тизимга “ёпиқ” шаклда жойлаштирилган қарорлар улуши 4,3 фоизни ташкил этган бўлса, учинчи чорак якунига келиб бу кўрсаткич икки бараварга камайиб, 2,2 фоизга тушди.
Рақамли майдондаги фаоллик ва сайловчилар билан жонли мулоқот
Бугунги ахборот асрида вакиллик органлари фаолиятининг медиа маконда кенг ёритилиши халқ билан мулоқотнинг ажралмас қисмига айланди.
Жорий йил февраль ойида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг ҳудудий бўлинмалари томонидан вилоят Кенгашлари котибиятлари билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланишга бағишланган ўқув-амалий семинарлар ташкил этилиб, барча туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятлари масъуллари иштирок этди.
Кўрилган ушбу амалий чоралар самараси ўлароқ, бугунги кунга келиб республикадаги барча 221 та маҳаллий Кенгашлар Telegram ва Facebook тармоқларида ўз расмий саҳифаларига эга бўлди. Айтиб ўтиш кераккки, 2026 йил бошида маҳаллий Кенгашларнинг 35 фоизи Telegram, 76 фоизи эса Facebook тармоғида расмий саҳифага эга эмас эди.
Эътиборли жиҳати, йил бошида ушбу саҳифалардаги обуначилар сони ўртача 30–40 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда камида 500 нафарга, айрим Кенгашларда эса 5 минг нафаргача етмоқда.
Шунингдек, йил бошида Кенгашларнинг Telegram каналларида ҳафтасига жами 3 500 та атрофида хабар эълон қилинган бўлса, бугунга келиб ҳафталик ахборотлар сони 20 мингтага етди. Энг муҳими, ушбу материалларнинг 99 фоизи бевосита Кенгаш ва депутатлар фаолиятига оид бўлиб, республика бўйича ҳар бир Кенгашга ҳафтасига ўртача 92 та хабар тўғри келмоқда. Бу борада Самарқанд, Сирдарё, Андижон, Жиззах, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги Кенгашлар тажрибаси эътиборга лойиқ.
“Хонадонбай” ўрганиш ва қонунлар ижроси устидан назорат
Депутатларнинг сайловчилар билан бевосита ишлаши ва муаммоларни қуйи бўғинда ҳал этишини таъминлаш мақсадида 2026 йилда “кўчама-кўча айланиш дафтари” амалиёти жорий этилиб, аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш тизими йўлга қўйилди. Ҳар бир депутат маҳаллалардаги “кўчабоши”лар билан ҳамкорликда ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, йўл инфратузилмаси, бирламчи тиббий хизмат ҳамда ижтимоий ёрдам билан боғлиқ масалаларни дафтарга қайд этиб, маҳаллий идоралар билан биргаликда тезкор ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Ушбу янги тизимни самарали ташкил этишда Наманган, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Андижон вилоятлари депутатлари етакчилик қилмоқда.
Шу билан бирга, доимий комиссиялар фаолиятини ихтисослаштириш мақсадида 2026 йилнинг иккинчи чорагида 162 та амалдаги қонун ҳужжати комиссиялар кесимида депутатлар ўртасида тақсимлаб берилди. Комиссиялар томонидан ушбу қонун ҳужжатлари ижросини ўрганишга оид махсус саволномалар тузилиб, улар асосида назорат тадбирлари ва жамоатчилик эшитувлари ўтказилмоқда. Ўтган даврда Кенгашларнинг расмий саҳифаларида бу борада 19 мингдан ортиқ материал эълон қилинди. Мазкур тажриба Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида кенг оммалашди.
Қолаверса, биринчи чоракда мутахассис-экспертлар томонидан 20 га яқин соҳа бўйича доимий комиссия қарори лойиҳаларининг намуналари ишлаб чиқилиб, амалиётга тавсия этилиши қабул қилинаётган ҳужжатлар сифатини тубдан оширди. Формал тусдаги қарорлардан воз кечилиб, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган хулосалар тайёрланмоқда, пухта ишланмаган масалалар эса қайта тайёрлашга қайтарилмоқда. Натижада январь ойида
“E-kengash” тизимида сессия кун тартибидаги масалаларнинг 72 фоизи доимий комиссияларда кўриб чиқилган бўлса, сентябрь ойига келиб бу кўрсаткич 100 фоизга етди.
Депутат сўрови ва мансабдор шахслар масъулияти
Аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда депутат сўрови институтининг таъсирчанлиги тобора ортиб бормоқда. 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан “E-kengash” тизими орқали давлат органлари мансабдор шахсларига 21 200 та депутат сўрови юборилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 57 фоизга кўпдир. Ушбу сўровларнинг 19 760 тасига, яъни 93,2 фоизига жавоб берилиб, коммунал инфратузилма, ижтимоий соҳа объектлари таъмири, соғлиқни сақлаш ва тадбиркорликка оид кўплаб масалалар жойида ҳал этилди. Бу борада Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари депутатлари юқори фаоллик кўрсатди.
Албатта, айрим соҳаларда, хусусан ер ва кадастр муносабатлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, йўл қурилиши, маҳаллий ижро идоралари ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятида сўровларга ўз вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам учраб турмоқда. Бундай ҳолатларда Тошкент шаҳри, Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги айрим туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
193 -моддаси асосида тегишли органларга мурожаатлар киритилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ижро органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг сессияларда шахсан ҳисобот бериш интизоми ҳам мустаҳкамланди. Эндиликда раҳбар шахсан иштирок этмаса, ҳисобот кун тартибидан чиқарилиб, кейинги сессияга қолдирилмоқда. Шунингдек, 2026 йилнинг тўққиз ойида ҳисобот эшитувларининг 76 фоизида мансабдор шахслар фаолиятига “қониқарли” ёки “қониқарсиз” тарзида аниқ баҳо берилди (2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этган). Ушбу йўналишда Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Андижон ва Самарқанд вилоятлари Кенгашлари алоҳида ташаббускорлик намоён этмоқда.
Истиқболдаги вазифалар: тизимли самарадорлик сари
Эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва депутатлик назоратининг амалий самарасини ошириш мақсадида бир қанча устувор йўналишларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, депутат сўровлари ва уларнинг натижадорлигини баҳолашнинг амалий механизмини жорий этиш лозим. Ҳар чоракда доимий комиссиялар томонидан энг долзарб ва натижасиз қолган депутат сўровлари умумлаштирилиб, масъул ташкилот раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиб борилиши муаммоларнинг амалда ечим топишини кафолатлайди.
Иккинчидан, қонун ҳужжатлари ижроси назорати доирасида аниқланган тизимли камчиликларни “туман (шаҳар) Кенгаши — вилоят Кенгаши — Сенат” тартиби асосида пастдан юқорига олиб чиқиш, ҳар бир комиссия учун йиллик назорат тадбирлари режасини шакллантириш ва сессияларда масъуллар ҳисоботини эшитишни кенгайтириш зарур.
Учинчидан, Кенгаш қарорлари ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш, доимий комиссиялар кесимида мониторинг юритиб, ҳар чоракда натижалар юзасидан аҳолига расмий ахборот бериб бориш тизимини йўлга қўйиш муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида кузатилаётган тизимли ўзгаришлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг том маънода аҳоли манфаатларини ифода этувчи, очиқ, таъсирчан ва масъулиятли институт сифатида шаклланаётганидан далолат беради. Бу эса жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ва маҳаллий даражада вакиллик органларининг нуфузини янада оширишда мустаҳкам замин яратади.
Санжар ДЖАББАРОВ,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти