Кибержиноят экранда содир бўлади, зарар реал ҳаётда қолади
Сўнгги йилларда кибержиноятчилик Ўзбекистонда кескин ортиб, фуқаролар ва иқтисодиётга жиддий таҳдид солмоқда. Президент томонидан белгиланган янги стратегиялар бу муаммога қарши курашда бутун жамият саъй-ҳаракатини талаб этади.
2026 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиётининг келгуси ўн йилликка мўлжалланган устувор йўналишларини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган еттита миллий дастур орасида суд мустақиллигини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш масалалари алоҳида ўрин эгаллади.
Ушбу вазифа замирида замонавий жамият олдида турган муҳим масала мужассам. Рақамли технологиялар инсон ҳаётини енгиллаштираётган бир пайтда улар орқали содир этилаётган жиноятлар ҳам янги шакл ва усулларда намоён бўлмоқда. Бугун жиноят содир этиш учун жабрланувчи билан юзма-юз учрашиш ёки унинг яшаш жойига бориш шарт эмас. Айрим ҳолларда телефон орқали юборилган битта ёлғон хабар, қалбаки ҳавола ёки ишончли ташкилот номидан қилинган қўнғироқ инсоннинг йиллар давомида тўплаган маблағидан айрилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шундай экан, кибержиноятчиликка қарши курашиш фақат компьютер тизимларини ҳимоя қилиш ёки жиноятчиларни аниқлаш билан чекланмайди. Бу, аввало, инсоннинг мулкий ҳуқуқларини, шахсий ҳаёти дахлсизлиги, ахборот хавфсизлиги ва рақамли хизматлардан ишонч билан фойдаланиш имкониятини таъминлаш масаласидир.
Муаммонинг кўламини расмий маълумотлар ҳам яққол кўрсатмоқда. Президентимизга 2026 йил 12 март куни кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш юзасидан ўтказилган тақдимотда қайд этилишича, мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 31 миллиондан ошган. Сўнгги олти йилда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 баробарга кўпайган. Энг эътиборли жиҳати, 2025 йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг эса 76 фоизи кибермаконда содир этилгани маълум қилинган. Ушбу жиноятлар оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.
Албатта, ушбу кўрсаткичлар кибержиноятчиликнинг барча сабабларини тушунтириб бермайди. Бироқ, улар муаммонинг алоҳида шахслар ёки ташкилотлар доирасидан чиқиб, кенг ижтимоий аҳамият касб этганини кўрсатади. Эндиликда рақамли хавфсизлик масаласи фақат мутахассисларнинг эмас, балки банк мижози, талаба, тадбиркор, давлат хизматчиси ва интернетдан фойдаланувчи ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ.
Хўш, кибержиноятчилик деганда айнан нимани тушунамиз?
2022 йил 15 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонуни 3-моддасига кўра, кибержиноятчилик ахборотни эгаллаш, ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ҳамда техник воситалардан фойдаланиб амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндисидир.
Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, компьютер тизимига рухсатсиз кириш, ундаги маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш, зарарли дастурлар тарқатиш ёки ахборот тизимининг ишлашига қасддан тўсқинлик қилиш кибержиноятчиликнинг муҳим кўринишлари. Бундан ташқари, интернет ва электрон тўлов воситаларидан фойдаланиб содир этиладиган фирибгарлик ҳамда ўғирлик жиноятлари рақамли муҳитдаги жиддий таҳдидлар ҳисобланади.
Замонавий кибержиноятчиликда фақат техник заифликлар эмас, балки инсоннинг руҳий ҳолати, шошқалоқлиги, ишонувчанлиги ва етарли маълумотга эга эмаслиги ҳам жиноятчилар томонидан суиистеъмол қилиниши мумкин. Шу сабабли хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим йўналишларидан бири аҳолининг ҳуқуқий ва рақамли саводхонлигини ривожлантириш.
Мамлакатимизда ушбу муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XX¹ боби ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга бағишланган. Унда ахборотлаштириш қоидаларини бузиш, компьютер ахборотидан рухсатсиз фойдаланиш, компьютер ахборотини ноқонуний ўзгартириш, компьютер саботажи ва зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тарқатиш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Шунингдек, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган ҳар қандай жиноят фақат мазкур бобдаги моддалар билан баҳоланмайди. Жиноятнинг аниқ хусусияти ва қонунда белгиланган аломатларига қараб, фирибгарлик ёки ўғирлик каби жиноятлар тўғрисидаги нормалар ҳам қўлланилиши мумкин. Демак, ҳуқуқий баҳолашда технологиянинг ўзи эмас, балки шахснинг қандай ҳаракат содир этгани, унинг мақсади, оқибатлари ва жиноят таркибининг бошқа белгилари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
2026 йил 10 мартда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикасининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланди. Стратегияда давлат ахборот тизимлари ва муҳим ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, рақамли криминалистика имкониятларини ривожлантириш, давлат органлари ўртасида тезкор ахборот алмашишни йўлга қўйиш ҳамда аҳолининг киберхавфсизлик бўйича билимларини ошириш каби устувор вазифалар белгиланди.
Ушбу ҳужжатнинг муҳим жиҳати шундаки, унда киберхавфсизлик фақат техник ҳимоя масаласи сифатида эмас, балки давлат органлари, хусусий ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва фуқароларнинг ҳамкорлигини талаб қиладиган яхлит тизим сифатида қаралган.
Айниқса, стратегияда мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун кибермаданият машғулотларини ташкил этиш, ўқувчилар ва талабалар учун киберхавфсизлик асослари бўйича бепул онлайн курсларни ишлаб чиқиш вазифалари белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки жиноят содир этилганидан кейин унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, аҳолига хавф-хатарларни олдиндан тушунтириш кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.
Президентимизнинг мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами муносабати билан йўллаган табрик нутқида ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўйиш вазифаси ҳам айнан шу нуқтаи назардан муҳимдир. Фикримизча, бугунги кунда ҳуқуқий тарбия фақат Конституция ва қонунларнинг умумий мазмунини ўргатиш билан чекланмаслиги керак. Ўқувчи ва талабалар ўзларининг шахсий маълумотларини қандай ҳимоя қилиш, сохта электрон хабарларни қандай аниқлаш, интернет орқали алданганида қаерга мурожаат қилиш ва рақамли муҳитдаги ҳуқуқларидан қандай фойдаланишни ҳам билишлари зарур.
Кибержиноятчиликнинг энг оғриқли жиҳатларидан яна бири банк-молия соҳасидаги фирибгарликлардир. Бугун банк хизматларидан фойдаланиш учун филиалга бориш шарт эмас. Фуқаро телефон орқали пул ўтказади, тўловни амалга оширади ёки кредит олиш учун мурожаат қилади. Бироқ ушбу қулайликларнинг хавфсизлиги етарлича таъминланмаса, улар жиноятчилар томонидан суиистеъмол қилиниши мумкин.
Бу борада 2026 йил 12 март куни Президентимизга соҳавий масалалар юзасидан ўтказилган тақдимотда тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги оқибатида юзага келган зарар учун жавобгарлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш ташаббуси илгари сурилгани эътиборга молик.
Мазкур ташаббуснинг ҳуқуқий аҳамияти шундаки, у рақамли молиявий хизматларда хавфсизлик учун масъулиятни фақат фойдаланувчи зиммасига юклаш билан чекланмаслик заруратини кўрсатади. Албатта, фуқаро ҳам ўз банк картаси, махфий коди ва шахсий маълумотларини эҳтиёткорлик билан сақлаши керак. Аммо молиявий хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳам ўз тизимидаги хавфсизлик талабларини бажариши, шубҳали операцияларни аниқлаши ва хавфларга ўз вақтида муносабат билдириши зарур.
Кибержиноятларнинг трансчегаравий хусусиятга эгалиги бу турдаги жиноятларга қарши курашишда ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Яъни, жиноятчи бир давлат ҳудудида бўлиши, жабрланувчи бошқа давлатда яшаши, фойдаланилган электрон хизмат эса учинчи давлатдаги сервер орқали ишлаши мумкин. Бундай шароитда бир давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари барча зарур маълумотларни фақат ўз ваколатлари доирасида тўплаш имкониятига ҳар доим ҳам эга бўлмайди. Шунинг учун халқаро ҳамкорлик замонавий кибержиноятчиликка қарши курашишнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2024 йил 24 декабрда қабул қилинган Кибержиноятчиликка қарши конвенция алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу халқаро ҳужжат ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган айрим жиноятларга қарши курашиш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда жиноятлар бўйича электрон шаклдаги далилларни алмашишнинг халқаро ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга қаратилган.
Бизнингча, бугунги кунда кибержиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада ривожлантиришда учта ўзаро боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Биринчидан, кибержиноятларнинг олдини олишни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида кўрмасдан, таълим муассасалари, банклар, алоқа операторлари, давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъулиятининг муҳим йўналишига айлантириш керак. Айниқса, мактаб ва олий таълим муассасаларида рақамли хавфсизликка оид билимларни ҳаётий вазиятлар асосида ўргатиш муҳим.
Иккинчидан, жиноятдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш механизмларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки жиноятчининг аниқланиши ва жавобгарликка тортилиши муҳим бўлса-да, жабрланувчининг йўқотилган маблағини қайтариш, унинг номидан ноқонуний амалга оширилган операциялар оқибатларини бартараф этиш ва шахсий маълумотларидан кейинчалик ҳам фойдаланилишининг олдини олиш ҳам ҳуқуқий ҳимоянинг ажралмас қисми.
Учинчидан, кибержиноятларни тергов қилишга ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, рақамли далиллар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш зарур. Бунда фақат техник билимнинг ўзи етарли эмас. Замонавий терговчи, прокурор, судья ва адвокат рақамли технологияларнинг ишлаш хусусиятларини, электрон далилларнинг ҳуқуқий табиатини ва инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни ҳам чуқур тушуниши керак.
Мутахассислар тайёрлаш борасида Тошкент давлат юридик университетида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан университетда «Юриспруденция» таълим йўналиши бўйича янги «Рақамли ҳуқуқ» таълим йўналиши жорий этилди.
Фармонга кўра, «Рақамли ҳуқуқ» таълим йўналишига ўқишга қабул қилиш танловларини халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда ушбу соҳага ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда IQ-тест ўтказиш тартибида ташкил этиш, шунингдек, танловда B2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши белгиланди.
2026/2027 ўқув йилида ушбу таълим йўналиши бўйича талабалар қабул қилинди. Ҳозирги кунда мазкур йўналишда таҳсил олаётган талабалар ҳуқуқий фанлар билан бир қаторда бевосита ахборот технологияларига оид фанларни ҳам ўзлаштирмоқда. Энг муҳими, барча дарслар инглиз тилида олиб борилмоқда. Бу эса талабаларнинг бир вақтнинг ўзида ҳам ҳуқуқий, ҳам технологик билим ва кўникмаларга эга мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг мустақилликнинг ўттиз беш йиллигига бағишланган нутқида кибержиноятчиликнинг олдини олишни қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган миллий дастурнинг таркибий вазифаси сифатида белгилагани бежиз эмас. Чунки бугунги кунда қонун устуворлиги нафақат анъанавий ижтимоий муносабатларда, балки инсонлар ўзаро мулоқот қилаётган, таълим олаётган, ишлаётган ва молиявий операцияларни амалга ошираётган рақамли маконда ҳам тўлақонли таъминланиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, кибержиноятчиликка қарши курашишнинг бош мақсади фақат жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки жиноятнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ва рақамли муҳитда ишончни мустаҳкамлашдан иборат бўлиши лозим. Рақамли технологиялар ривожланиб борар экан, уларни ҳуқуқий тартибга солиш, хавфсизликни таъминлаш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш чоралари ҳам ушбу тараққиёт билан ҳамоҳанг ривожланиши зарур.
Зеро, замонавий жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим мезонларидан бири — фуқаронинг нафақат реал ҳаётда, балки рақамли маконда ҳам ўзини хавфсиз ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган ҳис эта олиши.
Дилшоджон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси мудири
ЎзА