Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида очиқлик таъминланади
Наманган давлат педагогика институти залида халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятига бағишлаб ўтказилган брифингда депутатлар, котибиятлар масъуллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирок этди.
Брифингда халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши раиси, депутат, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов маҳаллий Кенгашлар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, меъёрий ҳужжатларга қатъий риоя қилиш ва депутатлик назоратини таъсирчан механизмга айлантириш борасида жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Шунингдек, аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ҳудудларда кўтарилаётган муаммоларни Кенгаш сессияларига олиб чиқиш ва уларнинг ечими устидан назорат ўрнатиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ва маъмурий ислоҳотлар маҳаллий Кенгашларнинг мақомини тубдан ўзгартирди. Агар илгари Кенгашлар кўпроқ қарорларни тасдиқловчи орган сифатида қаралган бўлса, бугун улар ижро ҳокимияти устидан ҳақиқий назоратни амалга оширувчи, аҳоли манфаатларини бевосита ҳимоя қилувчи институт даражасига кўтарилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилди. Мазкур жараёнга бирдан кириб келингани йўқ, бу пухта ўйланган, конституциявий асосланган, босқичма-босқич амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасидир.

Тадбирда қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида Кенгашлар томонидан депутатлик назоратини расмиятчиликдан амалий натижага ўтказиш, маҳаллий бюджет ва давлат дастурлари ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, ҳар бир депутатни ўз сайлов округида аҳолининг ишончли вакилига айлантириш, Кенгашлар фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва рақамлаштиришни таъминлаш мақсадида маҳаллий Кенгашларда 116 сессия ўтказилиб, уларда жами 1 минг 122 масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
2026 йилнинг январь-август ойлари мобайнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида жами 1 минг 122 та қарор қабул қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу қарорларнинг ҳар бири аниқ ижрочи, аниқ ижро муддати ва аниқ натижа индикаторлари белгиланган ҳолда қабул қилинмоқда.

Депутатларнинг хонадонларга кириб бориши, одамларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиши ва уларни тегишли мутасаддилар иштирокида ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, депутатлик фаолиятининг асосий мезони – қабул қилинган қарорлар сони эмас, балки уларнинг одамлар ҳаётида қандай ўзгариш бергани билан ўлчанади.
Кенгаш қарорларининг аҳоли ҳаётидаги аҳамиятининг яна бир муҳим ёрқин мисоли сифатида, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг тегишли қарорлари асосида ўтказилган 15 сессияда 13 мингдан зиёд фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди.
Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Раҳматов маҳаллий Кенгашлар фаолиятини жамоатчиликка очиқ ва тезкор етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш, депутатларнинг дастурлар ижросини жойлардаги ижросини ўрганишларини журналистлар билан биргаликда пресс-тур шаклида ташкиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Вилоят Кенгаши раиси Солижон Мўминов қайд этганидек, очиқлик – бу фақат ахборот бериш эмас. Бу жамоатчилик олдида ҳисобдор бўлиш, танқид ва таклифларни эшитиш, амалга оширилаётган ишлар ҳақида холис маълумот бериш демак. Шу маънода, брифингда журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг иштироки ҳам Кенгашлар фаолиятини жамоатчиликка яқинлаштириш, очиқ мулоқот ва ахборот алмашинувини янада кучайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА