Бадиий соҳада Эрон билан ҳамкорлик ривожлантирилади
Ўзбекистон Бадиий академиясида академия раиси Акмал Нуриддинов ҳамда Эрон Ислом Республикаси элчихонасининг Маданият маслаҳатчиси жаноб Ҳасан Сафархоний ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма халқаро лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Акмал Нуриддинов Эрон томонини Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолияти, халқаро лойиҳалари ва асосий иш йўналишлари билан таништирди. Хусусан, икки мамлакат ўртасида кўргазмалар ва профессионал алмашинувни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жаноб Ҳасан Сафархоний аввал ўтказилган онлайн кўргазмани ташкил этишда кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда қўшма бадиий кўргазмалар ташкил этиш, рассомлар ва академиялар вакилларининг ижодий, илмий ҳамда таълимий тадбирларда иштирокини таъминлаш, алмашинув дастурларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Бадиий академияси ва Эрон Бадиий академияси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш имконияти кўриб чиқилди. Эрон томони Ўзбекистонда онлайн кўргазма ташкил этиш учун эронлик рассомларнинг асарлари фотосуратларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА