Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратилади
Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш ва ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида қарорда белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижроси, соҳалар кесимида амалга оширилган ишлар, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ўрганилди, эришилган натижалар ҳар томонлама таҳлил қилинди.


Ўрганиш давомида криминоген вазият оғир ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги баҳоланиб, мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан тегишли хулосалар қилинди.

Ўрганишлар якунида жойлардаги ишларни янада такомиллаштириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича масъул раҳбар ва мутасаддиларга топшириқ ва тавсиялар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.