Наманганда ғалла ўримига киришилди
Жазирама ёз фасли кириб келиши билан дала майдонларида ғаллага ўроқ тушди. Эндиликда юксак ташкилотчилик ва уюшқоқлик намунасини кўрсатиб, мавсумни тез ва соз якунлаш мақсад қилинган.
Ҳам даромад, ҳам барқарорлик ва, муҳими, халқ манфаати йўлидаги бирдамлик намоён бўладиган давр – ҳосил мавсуми Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Янгиер маҳалласи ҳудудида кўтаринки кайфиятда бошланди. “Чуст Баҳодир Эргашев” фермер хўжалигида ўтказилган амалий семинарда ғалла ўримига тайёргарлик, такрорий экин экиш ва ижтимоий барқарорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида вилоят ташкилотлари мутасаддилари, туман ҳокимлари, фермерлар, агротехника экспертлари ва ўрим отрядлари раҳбарлари иштирок этди.

Вилоятда жорий йил ғалла ҳосили учун 64 минг 410 гектар майдонга ғалла экилиб, парвариш қилинди. Ҳар гектаридан ўртача 100 центнердан ошириб ҳосил олиш, жами 645 минг тонна бошоқли дон ишлаб чиқариш белгиланган.

Семинарда ғалла ўрим-йиғим жараёнларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва қисқа фурсатда якунлаш, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни "Бир контур—бир маҳсулот" тамойили асосида ўз вақтида экиш, эҳтиёжманд оилаларга ер ажратиш орқали мавсумий иш ўринлари яратиш каби ишлар талабларга мос тарзда олиб борилиши лозимлиги қайд этилди. Шакллантирилган отрядлар аъзолари билан суҳбатда бажарилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ижросига масъулият билан ёндашиш кераклиги таъкидланди.

Семинарнинг якуний йиғилишида мавсумга тайёргарлик ишлари муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш ва такрорламаслик чоралари кўрилди. Вилоят раҳбари ризқ-рўз ҳисобланган ғаллани нест-нобуд қилмасдан саранжомлаб олиш борасидаги ишларга тўхталиб, бунда фермерлар, отрядлар, ҳудудий штаблар ва бошқа мутасаддилар олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА