Донорлик — бу инсоннинг инсонга ҳаёт ҳадя этиши
Болалар — миллатнинг эртаси, юртнинг ишончли таянчи. Уларнинг соғлом, бахтли ва баркамол вояга етиши давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири саналади. Айниқса, оғир хасталикларга қарши курашаётган болажонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш юксак инсонийлик ва меҳр-оқибат намунасидир.
Шу эзгу мақсад йўлида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси бу йил ҳам кенг жамоатчиликни савобли амал атрофида бирлаштирди. Ташкил этилган мазкур хайрия тадбири онкологик хасталиклар билан курашаётган, қон маҳсулотларига эҳтиёжи юқори бўлган болаларга амалий кўмак кўрсатишга қаратилган.

Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш марказида ташкил этилган акция кўтаринки руҳда давом этмоқда. Унда партия фаоллари, кўнгилли донорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасини намоён этмоқда.

Хусусан, Жиззах вилояти судлари, вилоят ички ишлар бошқармаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда қатор ташкилот ва муассасалар ходимлари ихтиёрий равишда қон топшириб, бемор болажонларнинг соғайиши учун муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эзгу ташаббус фуқаролик масъулияти, меҳр-шафқат ва одамийлик қадриятларининг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, суд тизими ходимларининг фаол иштироки эътиборга молик. Чунки уларнинг фаолияти нафақат қонун устуворлигини таъминлаш, балки жамиятда инсон қадри, бағрикенглик ва ижтимоий масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Ушбу эзгу амал юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби Шаҳноза Соатова билан суҳбатлашдик.
— Донорлик акциясининг аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?
— Энг аввало, донорлик — бу инсоннинг инсонга ҳаёт ҳадя этиши демакдир. Бугун шифохоналарда даволанаётган юзлаб болажонлар учун ҳар бир томчи қон беқиёс аҳамиятга эга. Биз акция орқали нафақат қон заҳирасини тўлдиряпмиз, балки жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий масъулият маданиятини ҳам мустаҳкамлаяпмиз. Қувонарлиси, йил сайин кўнгилли донорлар сони ортиб бормоқда.
— Акциянинг дастлабки натижалари қандай?
— Икки кун давомида 313 нафар кўнгилли фуқаро акцияда иштирок этди. Уларнинг 184 нафари донор сифатида қон топшириб, 64,8 литр қон заҳираси шакллантирилди. Бу рақамлар ортида инсон тақдири, болаларнинг ҳаёти ва ота-оналарнинг умиди турибди. Энг муҳими, акция нафақат марказда, балки вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам фаол давом этмоқда.
— Бугун донорликнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида нима деган бўлардингиз?
— Донорлик — савобли амалларнинг энг таъсирчан кўринишларидан бири. Бир инсон томонидан топширилган қон бир нечта беморнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Айниқса, бу болалар саломатлиги билан боғлиқ бўлганда, унинг қадри ва аҳамияти янада ортади. Шу боис ҳар бир юртдошимизни ушбу хайрли ташаббусга бефарқ бўлмасликка чақираман.
Ҳар бир эзгу иш инсон қалбидаги меҳрдан бошланади. Бугун Жиззах аҳли ана шундай меҳр ва инсонпарварлик туйғуси билан бемор болажонларга ҳаёт улашмоқда. Зеро, бир томчи қон кимнингдир эртанги куни, кимнингдир ҳаётга қайта ишончи ва кимнингдир энг катта умиди бўлиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири