Маҳалла — жамият тараққиётининг асосий буюртмачиси
Ўзбекистонда маҳаллаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни тубдан ўзгармоқда. Энди улар маҳаллий бюджетлар ва инфратузилма лойиҳаларини шакллантиришда ҳал қилувчи сўзга эга.
Президентимиз 2026 йил июль ойида Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида «Хос ёз» канали бўйи ва Дўстлик маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бир пайтлар қаровсиз ва тартибсиз ҳолатда бўлган канал бўйида ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича мастер-режа асосида 3 километрлик пиёдалар йўлаги ва 5,4 километрлик мустаҳкам тўсиқлар барпо этилди, иккита кўприк қурилди. Соҳил бўйида 27 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилиб, 167 та доимий иш ўрни яратилди. Дўстлик маҳалласида жорий йилда тадбиркорлар томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 25 та янги иш ўрни очилди. «Ташаббусли бюджет» маблағлари ҳисобидан Бекобод шаҳри музейи ташкил этилди.
Ушбу мисолда маҳалла буюртмаси тизимининг моҳияти яққол намоён бўлади. Ҳудуд мастер-режа асосида ривожлантирилади, тадбиркорлар сармояси ва аҳоли ташаббуси ягона мақсадга йўналтирилади, эришилган натижа эса, аввало, яратилган иш ўринлари ва аҳоли фаровонлиги билан баҳоланади. Энди мазкур ёндашув умумдавлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.

Нутқдан фармонгача
Президентимиз 2026 йил 28 августда давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастурни эълон қилди. Олтинчи дастурнинг заруратини асослар экан, давлатимиз раҳбари: «Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади», дея таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, давлат дастурларини ишлаб чиқишга бўлган ёндашувни тубдан ўзгартириш, туман бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳаларини маҳалла буюртмаси асосида шакллантириш вазифаси белгиланди. Бунда фуқаролар эҳтиёжи ва маҳалла фаровонлиги «энг асосий мезон сифатида белгиланади».
Орадан икки ярим ой ўтиб, 10 ноябрда «Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-242-сон Фармон қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан 2027–2031 йилларга мўлжалланган еттита стратегик миллий дастур ва уларнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Олтинчи миллий дастур ўзаро узвий боғлиқ учта муҳим вазифани қамраб олади. Биринчидан, давлат дастурлари маҳаллаларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантирилади. Иккинчидан, туман (шаҳар) бюджети, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Учинчидан, маҳалла буюртмалари бўйича 30 кун муддатда асослантирилган қарор қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Бу вазифаларнинг молиявий пойдевори эса ундан олдинроқ яратилган эди. Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳудудларга илк бор 20 триллион сўм ажратилиши эълон қилинди.
Мазкур вазифа «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида қабул қилинган 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон фармонда ҳам мустаҳкамланди. Ҳужжатда маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳасини ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратиш вазифаси белгиланган. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун 5 триллион сўм ресурс назарда тутилган.
Фармонга илова қилинган «Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури» эса маблағларнинг сарфланиш йўналишларини белгилаб беради. Ушбу вазифалар ПФ-21-сон Фармон билан янгиланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш» йўналишига хизмат қилади.
Маҳаллалар учун алоҳида молиявий манбалар ҳам шакллантирилмоқда. 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сон фармонга мувофиқ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасига ҳар йили республика бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиғи тушумларининг 15 фоизи (нотурар объектлар бундан мустасно) маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига йўналтирилади. Президентимиз маълумотига кўра, маҳалладаги нотурар объектлардан тушадиган ер ва мол-мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалла ихтиёрида қолдирилиб, натижада улар тасарруфида йилига 400 миллиард сўм маблағ шаклланади.
Буюртманинг ҳуқуқий табиати
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXI боби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини аниқ ажратиб беради.
Конституциянинг 122-моддасига кўра, тегишли маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш халқ депутатлари Кенгашлари ваколатига киради. 123-модда маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш вазифасини ҳоким зиммасига юклайди. 127-моддага мувофиқ, фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари ҳисобланади, давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди. Давлат эса уларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратади.
Маҳалла буюртмаси ана шу уч субъект ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги шаклини ифодалайди. Фуқаролар йиғини бюджетни тузмайди ва тасдиқламайди. У ҳокимликка туман бюджети қайси эҳтиёжларга хизмат қилиши лозимлигини асослаб беради. Халқ депутатлари Кенгаши эса ҳокимлик мазкур эҳтиёжларни қай даражада инобатга олганини назорат қилади.
ПФ-242-сон Фармон мазмунидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, маҳалла буюртмасининг ҳуқуқий аҳамияти, энг аввало, унга жавоб бериш мажбуриятида намоён бўлади. Ваколатли орган буюртмани қабул қилиши, уни аниқ муддат ва молиялаштириш манбаини кўрсатган ҳолда кейинги даврга қолдириши ёки асосли сабабларга кўра рад этиши мумкин. Бироқ уни жавобсиз қолдиришга ҳақли эмас. Фармонда белгиланган 30 кунлик муддат ва асослантирилган қарор қабул қилиш талаби айнан шу тамойилни ифодалайди.
Бу ёндашувнинг ҳуқуқий асослари 2021 йилга бориб тақалади. Хусусан, 2021 йил 13 апрелдаги ПҚ-5072-сон қарор билан туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби жорий этилган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилдан буён «Ташаббусли бюджет» жараёни доирасида 24 мингдан ортиқ лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун 26 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. 2026 йилнинг ўзида 4 800 дан ортиқ ғолиб лойиҳага давлат бюджетидан 6,5 триллион сўм ажратилган.
Бироқ «Ташаббусли бюджет»да маҳаллий бюджетнинг фақат муайян қисми овоз бериш орқали тақсимланади. Маҳалла буюртмаси эса туман бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳаларини шакллантириш босқичининг ўзида иштирок этиш имконини беради. Бунда ҳал қилувчи омил овозлар сони эмас, балки ҳисоб-китоблар билан асосланган реал эҳтиёж ҳисобланади.
Механизмнинг ташкилий асослари ҳам босқичма-босқич шакллантирилмоқда. ПФ-116-сон Фармонга мувофиқ, «Рақамли маҳалла» электрон платформасида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари интеграция қилинади. Маҳаллалар инфратузилма, тадбиркорлик, камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик, нотинч оилалар ва аҳоли мурожаатлари кўрсаткичлари асосида «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади.
Президентимиз раислигида 2026 йил 16 июлда ўтказилган йиғилишда ҳар бир маҳалла раиси ўз ҳудудининг иқтисодий ва ижтимоий буюртмасини шакллантириши, бунда муаммолар аниқ ҳисоб-китоб қилиниб, лойиҳалар тайёрланиши ҳамда масъул ташкилотларга тегишли вазифалар юклатилиши белгилаб берилди.
Ҳозирча бу тартиб асосан Президент фармонлари билан тартибга солинмоқда. Уни барқарор ҳуқуқий механизмга айлантириш учун Бюджет кодекси ва «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунда маҳалла буюртмаси тушунчаси, уни маъқуллаш тартиби ва муддатлари, буюртманинг бюджет тақвимидаги ўрни, асослантирилган қарорнинг мажбурий мазмуни ва уни эълон қилиш тартиби, рад этилган буюртма юзасидан Кенгашга мурожаат қилиш ҳуқуқини белгилаш мақсадга мувофиқ.
Бунда буюртмани маҳалла раиси тайёрлаши, фуқаролар йиғини эса уни маъқуллаши мақбул ёндашув бўлади. Чунки Конституциянинг 127-моддасида ўзини ўзи бошқариш органи сифатида айнан фуқаролар йиғини белгиланган.
Юқоридан режалаштиришдан қуйидан буюртма шакллантиришга
Яқин ўтмишда ҳудудий инфратузилма дастурлари асосан юқоридан шакллантирилар эди. Масалан, 2018 йилда бошланган «Обод маҳалла» дастури доирасида маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги жамғармалар орқали тақсимланган.
Бугун эса ҳудудларни ривожлантиришга бўлган ёндашув ўзгармоқда. Президентимиз маҳалла раисининг вазифасини белгилар экан, «Маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачи”га айланиши керак», деб таъкидлади.
Молиявий манбаларнинг кенгайиши ҳам ушбу жараённинг муҳим жиҳатидир. Давлатимиз раҳбари маълумотига кўра, ҳоким ва маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайиши натижасида туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолди, маҳалла бюджетига эса ўртача 150–200 миллион сўм тушди. Маҳаллалар бюджетларига тушумлар жорий йилда 1 триллион 600 миллиард сўмга, келгуси йилдан эса 2 триллион сўмга етиши кутилмоқда.
Мурожаатномада эълон қилинганидек, 2026 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи тушумларининг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, бошқа ҳудудларда эса 20 фоизи жойларда қолдирилиб, уларнинг ярми туман бюджетларига ўтказилмоқда. Натижада туманлар бюджетида йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади.
2026 йил 23 январдаги видеоселектор йиғилишида 20 триллион сўмнинг 12 триллионини «оғир» туман ва маҳаллаларга йўналтириш, асосий эътиборни 70 та туман ва 1 мингга яқин «оғир» маҳаллага қаратиш белгиланди. Жорий йилда инфратузилма учун ҳар бир туманга ўртача 250 миллиард сўм, ҳар бир маҳаллага эса 5,5 миллиард сўм ажратилган.
Маблағларни тақсимлаш тамойили ҳам ўзгармоқда. Мурожаатномада таъкидланганидек, «бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур». Маблағ олиш тартиби ҳам аниқ кўрсатиб берилган: «Марҳамат, қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин».
Маҳалла буюртмасининг моҳияти ҳам айнан шу икки талабда мужассам: биринчиси — маблағлар аниқ эҳтиёжга йўналтирилиши, иккинчиси — ҳар бир лойиҳа ўзининг иқтисодий ва ижтимоий самараси билан асосланиши.
2027 йил бюджети ва парламент назорати
2027 йил Давлат бюджети миллий дастурларни амалга ошириш даврининг биринчи бюджети бўлади. Президентимиз 13 ноябрда ўтказган йиғилишда бюджет даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини 464 триллион сўм этиб белгилаш назарда тутилаётганини маълум қилди. Ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтиришга 70 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда.
Бюджет лойиҳаси маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилингач, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади. Механизм энди жорий этилаётгани сабабли унинг тўлиқ самараси кейинги бюджет циклларида намоён бўлади. Бироқ лойиҳанинг маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиниши маҳалла эҳтиёжларини инобатга олишнинг дастлабки амалий имконияти ҳисобланади.
Туман бюджети лойиҳаси Кенгашда кўриб чиқилаётганда депутатлар маҳаллалардан қандай буюртмалар келиб тушгани, уларнинг қайси бири бюджетга киритилгани, қайсилари эса қандай асослар билан кейинги даврга қолдирилганини кўра олиши зарур.
Бунинг учун туман бюджети лойиҳасига маҳалла буюртмалари реестри ва улар бўйича қабул қилинган асослантирилган қарорларни илова қилиш мақсадга мувофиқ. Шунда ҳар бир буюртманинг тақдири очиқ муҳокама ва депутатлик назорати орқали кўриб чиқилади.
Парламент назоратининг ҳуқуқий воситалари ҳам мавжуд. ПФ-242-сон фармонга мувофиқ, миллий дастурлар ижроси устидан Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар томонидан парламент ва депутатлик назорати ўрнатилади. «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» ҳаракати эса жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда жойлардаги ишлар ҳолатини танқидий ўрганади.
ПФ-22-сон Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси Давлат дастури ижроси юзасидан ҳар ярим йилда Қонунчилик палатасига ҳисобот киритади. 2026 йил бюджети ижросига оид ПҚ-388-сон қарорга кўра, бюджет маблағларидан фойдаланишга доир мақсадли индикаторлар бўйича Ҳисоб палатасининг ташқи аудит хулосаси ҳам палатага тақдим этилади. Бу воситалар ажратилган маблағларнинг самарадорлигини фақат сарфланган маблағ ҳажми билан эмас, балки эришилган натижалар асосида баҳолаш имконини беради.
Депутатлар бу жараённинг бевосита иштирокчиси ҳамдир. 2025 йил 29 августдаги Президент қарори билан жорий этилган механизм асосида 2026 йилда 150 нафар депутат «Ташаббусли бюджет» жараёнида етарли овоз тўплай олмаган, бироқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 495 та лойиҳани танлади. Уларни амалга ошириш учун қарийб 480 миллиард сўм ажратилди.
Сайлов округидаги маҳалла буюртмаларини умумлаштириш ва уларнинг ижросини кузатиб бориш эса депутатлик фаолиятининг мантиқий давоми бўлиши мумкин.
Хориж тажрибаси нимани кўрсатади?
Иштирокчи бюджетлаштириш амалиёти 1989 йилда Бразилиянинг Порту-Алегри шаҳрида пайдо бўлган ва кейинчалик дунё бўйлаб 2 700 дан ортиқ ҳукумат томонидан қабул қилинган. Бироқ Порту-Алегрининг ўзида бу амалиёт 2017 йилда маблағ етишмаслиги ва ислоҳот зарурати сабабли икки йилга тўхтатилган.
Жаҳон ресурслари институти тадқиқотчилари мазкур тажрибадан иштирокчи бюджетлаштириш тизими пухта ташкилий тузилма, етарли молиявий ресурслар ва ўзгарувчан сиёсий шароитларга мослаша оладиган институтларга таянгандагина барқарор бўлиши мумкин, деган хулоса чиқарган.
Жанубий Кореяда 2011 йилда Маҳаллий молия тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишлар билан иштирокчи бюджетлаштириш барча маҳаллий ҳокимиятлар учун мажбурий этиб белгиланди. 2014 йилдаги тузатишдан кейин қонуннинг 39-моддаси аҳоли фикрини маҳаллий кенгашга тақдим этиладиган бюджет лойиҳасига илова қилишни талаб этади. Бугунги кунда у ерда фуқаро таклифи рад этилганда унинг сабабларини асослаш мажбуриятини янада кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистонда эса бу масала 30 кунлик муддатда асослантирилган қарор қабул қилиш талаби орқали тартибга солинмоқда.
Польшада 2018 йил 11 январда қабул қилинган қонун билан фуқаролик бюджети коммуна (гмина) ўзини ўзи бошқариш тўғрисидаги қонуннинг 5а-моддасида жамоатчилик билан маслаҳатлашувнинг махсус шакли сифатида мустаҳкамланди. Повят мақомига эга 66 та шаҳарда ушбу амалиёт мажбурий ҳисобланади. Унинг ҳажми сўнгги ижро ҳисоботидаги харажатларнинг камида 0,5 фоизини ташкил этади.
Аҳоли томонидан танланган вазифалар бюджет тўғрисидаги қарорга киритилади. Кенгаш бюджет лойиҳаси устида ишлаётганда уларни чиқариб ташлаши ёки жиддий ўзгартириши мумкин эмас.
Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, жамоатчилик иштирокини таъминловчи механизмлар қонун билан кафолатланмаса, сиёсий вазият ўзгариши билан заифлашиши мумкин. Фуқаролар таклифининг бюджет лойиҳасига мажбурий илова қилиниши ва уни рад этиш сабабларининг асослантирилиши эса бундай тизимнинг самарадорлигини оширади.
Ўзбекистонда жорий этилаётган 30 кунлик муддатда асослантирилган қарор қабул қилиш талаби иккинчи шартнинг муҳим қисмини таъминлайди. Буюртмаларни бюджет лойиҳасига илова қилиш ва ушбу механизмни қонун даражасида кафолатлаш эса парламент олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Буюртмачи масъулияти
Президентимиз 2026 йил 16 июлдаги йиғилишда: «Ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат — масъулият ва ташаббускорлик», дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, буюртмачи мақомининг берилиши маҳалла жамоаси зиммасига ҳам янги масъулият юклайди. «Ташаббусли бюджет» жараёнида 2026 йилда жорий этилган шериклик механизми бунинг дастлабки намунаси бўлди. Аҳоли лойиҳа қийматининг ярмини ўз ҳиссаси билан қоплаган 152 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни амалга ошириш учун шаклланган қарийб 20 миллиард сўм маблағнинг тахминан ярми аҳоли ҳиссаси ҳисобидан таъминланди.
Маҳалла ўз эҳтиёжларини «Рақамли маҳалла» платформаси маълумотларига таяниб асослаб берса, ваколатли орган 30 кун ичида асослантирилган қарор қабул қилса, маъқулланган буюртма туман бюджети лойиҳасида алоҳида акс эттирилиб, Кенгашда муҳокама қилинса ва йил якунида ҳоким унинг ижроси юзасидан Кенгаш олдида ҳисобот берса, маҳалла буюртмаси тизими ўз олдига қўйилган мақсадга эришади.
Ана шу изчил жараён қонун билан мустаҳкамланса, ПФ-242-сон фармонда белгиланган 2027–2031 йиллар маҳалла буюртмаси бюджет жараёнининг доимий ва муҳим бўғинига айланадиган давр бўлади.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
ЎзА